Жаҳон | 09:21 / 15.08.2023
5809
3 дақиқада ўқилади

Латвия бош вазири истеъфога чиқиш ҳақида ариза беради

Бош вазир Кришянис Каринш 17 август куни Латвия президентига ўз истеъфоси ҳақида ариза тақдим этишини маълум қилди. Бу коалиция бўйича ҳамкорлар у таклиф қилган ўзгаришлардан бош тортганидан кейин содир бўлди.

Фото: RT

Латвия бош вазири Кришянис Каринш 17 август куни истеъфога чиқиш ҳақидаги аризани президент Эдгарс Ринкевичга топширишини маълум қилди. Вазирлар маҳкамаси раҳбари тегишли хабарни 14 август, душанба куни Twitter’да қолдирди. 

«Мен «Янги бирлик» партиясини (ҳукмрон коалициянинг бир қисми) бош вазирликка янги номзод кўрсатишга чақирдим», — деди Каринш. 

Унинг сўзларига кўра, коалиция бўйича ҳамкорлар – «Қўшма рўйхат» (ҚР) ва «Миллий бирлашув» - «фаровонлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ишларга тўсқинлик қилмоқда». Rus.LSM.lv портали аввалроқ хабар берганидек, бош вазир уларга бир қатор вазирлик лавозимларига тайинланганлар ротациясини таклиф қилган, бироқ ҚР ва «Миллий бирлашув» бу таклифни рад этган ҳамда 11 август куни музокараларда иштирок этишдан бош тортган. 

Истеъфо янги ҳукуматнинг шаклланишига замин яратади

Rus.LSM.lv порталининг ёзишича, Каринш ва вазирлар маҳкамаси истеъфога чиқиши янги ҳукуматнинг шаклланишига йўл очади, унинг потенциал ўзаги «Янги бирлик», Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи ҳамда «Прогрессивлар» партияси бўлади.

Вазирлар маҳкамаси янги ҳукумат таркиби Сейм томонидан тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этади. 

Каринш «Янги бирлик»ни бош вазирликка бошқа номзод кўрсатишга чақирди. 

Delfi порталига кўра, вазирлар маҳкамасининг навбатдаги раҳбари фаровонлик вазири Эвика Силиня («Янги бирлик») бўлиши мумкин. 

2019 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлаб келган 

Кришянис Каринш 2019 йилдан буён Латвия бош вазири лавозимида ишлаб келаётганди. 2002 йилда у консерватив «Янги вақт» партиясининг асосчиларидан бирига айланди (2018 йилдан - ўнг марказчи «Янги бирлик» партияси). 2009-2019 йилларда Каринш Европа парламенти аъзоси бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид