Жаҳон | 21:20 / 16.08.2023
13250
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёнинг беш давлати президентлари сентябрь ўрталарида Душанбеда учрашади 

Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон президентлари бешинчи марта маслаҳат учрашувига йиғилади. 

Фото: Getty Images

14-15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашади. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 15 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берди. 

Вазир сўзларига кўра, олий даражадаги бешинчи маслаҳат йиғилиши Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтади. 

– Ушбу учрашувни юксак савияда ва муносиб ўтказиш учун Марказий Осиё давлатлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибмиз. Тайёргарлик ишлари ҳар томонлама олиб борилмоқда, – деди Сирожиддин Мухриддин. 

Вазир Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида ҳужжатлар тўплами имзоланишини, улардан энг муҳими давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлишини айтди. 

Шунингдек, Душанбеда иккита муҳим шартнома – қуруқликдаги транспорт ва ёшлар сиёсати соҳасида имзоланади.

«Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида 12 та қўшимча тадбир ўтказишни таклиф қилди. Улар орасида иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва бешта давлат миллий таомлари кўргазмаси ҳам бор», деди ТИВ раҳбари. 

Шу билан бирга, Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси режалаштирилган бўлиб, унинг якунлари бўйича бир қанча қарорлар имзоланиши керак. 

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви биринчи марта 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, кейин 2019 йилда Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Овоза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид