Иқтисодиёт | 18:35 / 18.08.2023
37936
3 дақиқада ўқилади

«Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар» - Президент Кудбиев ва солиқчиларни танқид қилди

«Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Сенинг тизимингга баҳо бу. Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар, халққа, тадбиркорга ёрдам бермаяпсизлар, тўсиқ бўляпсизлар. Мана, tax gap деган бало буларни қандай қийнаяпти, катта коррупцияга сабаб бўлаётгани учун тикка туриб қарсак чаляпти»,— деди президент.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджетга тушумларни ошириш йўлидан борилаётганини айтди.

«Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан албатта хабарим бор. Бу устида кўп ишлаяпмиз. Бу иллатлардан қанча тез қутулсак, ишларимизда шунча кўп натижа бўлади.

Ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.

Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни «tax gap» тизими адолатсиз эканини билдирган.

Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан «tax gap» билан боғлиқ.

Эндиликда, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни «tax gap» бекор қилинади. 

Ўйлайманки, Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Сенинг тизимингга баҳо бу. Узоқдан айлантириб келганим бежиз эмас, тизимингга баҳо бу. Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар, халққа, тадбиркорга ёрдам бермаяпсизлар, тўсиқ бўляпсизлар. Мана, tax gap деган бало буларни қандай қийнаяпти, катта коррупцияга сабаб бўлаётгани учун тикка туриб қарсак чаляпти»,— деди президент.

Эслатиб ўтамиз, солиқ узилиши коэффициенти ҳақида биринчи марта 2021 йил охирида Шерзод Қудбиев маълум қилганди. У бу тизимни қўшилган қиймат солиғини тўламаслик хавфини аниқлаштирувчи таҳлилий инструмент деб атаганди.

«Сиз контрагент билан ишлашдан олдин контрагентингиз неча фоиз ҚҚСни бюджетга тўлаганини ҳисоблаб берамиз. Бу имконият ҳеч қачон ҳеч кимда бўлмаган. Ҳозирги IT шу имкониятни беради.

Дастлабки ҳисоб-китобларимиз жуда аячли аҳволда эканимизни кўрсатиб турибди. ҚҚСнинг бутун занжирини – 20 контрагент бўладими, 30тами – бу математика, уни алдаб бўлмайди. Яққол кўриниб туради. Энди шу занжир бўйича узилиш амалиётини янги йилдан жорий этамиз», деганди Шерзод Қудбиев.

Аммо бу амалиёт жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Оддий тилда айтганда, солиқ узилиши коэффициенти туфайли тадбиркор солиқ қарзи бор бошқа тадбиркор билан ишлаши хавфли бўлиб қолди. Бу экспертлар томонидан бизнес муҳитнинг бузилиши деб баҳоланди.

Мавзуга оид