Ремонтада «Олд Траффорд»да бўлди. «МЮ» 7 дақиқада учта гол уриб яримфиналга чиқди
|16:41 / 18.04.202513 06210 мин
Европа лигасида ҳам ЕЧЛда бўлгани каби умумий гуруҳ босқичида дастлабки тўрт ўринни қўлга киритган жамоалардан учтаси яримфиналгача етиб келди. АПЛ турнир жадвалининг иккинчи қисмида бораётган «МЮ» ва «Тоттенҳэм»да Европа лигаси кубогини қўлга киритиш орқали ЕЧЛга йўлланма олиш имконияти бор.
Рубен Аморим ваъда қилганидек Лиондаги биринчи ўйинда қўпол хатоларга йўл қўйгач, АПЛнинг охирги турида дам олган Онанани дарвозага қайтарди. Камерунлик футболчига рақиб яримҳимоячиси ва «МЮ»нинг собиқ футболчиси Неманя Матич билан ижтимоий тармоқдаги баҳслашувдан кейин фикрини бир жойга жамлаб олиш учун вақт керак бўлганди. Ва, айтиш мумкинки, мураббийнинг қарори оқилона эди, Онана эса жавоб ўйинида бир неча марта жамоани қутқариб қолди. Ҳисоб 1:0 эканида у Шеркининг ўта хавфли зарбасидан кейин бурчакка бораётган тўпни тўсди, кейин эса Толиссонинг кутилмаганда бурилиб йўллаган зарбасини ҳам бартараф этди. Икки эпизод ҳам — ҳафта ҳит-парадидан жой олишга лойиқ.
«Қизил иблислар» биринчи бўлимда ҳимоячиларнинг олисдан берган узатмаларига урғу қаратди. Биринчи гол Мазравийнинг шундай пасидан кейин Гарначо Угартени қулай вазиятга чиқариши билан урилди, Нуссайрнинг яна бир пасидан кейин Бруну Фернандеш йўллаган зарба эса тўсинга борди. Бундан ташқари, Магуайрнинг диагонал пасидан кейин Диогу Далот форвард позициясига чиқиб бориб, иккинчи голни урди. Португалиялик латерал бу вазиятда Таляфико билан тўп учун курашда устун келди ва тўпни олис бурчакка йўналтирди. «МЮ» ижросидаги биринчи бўлим ноодатий даражада мукаммал чиқди.
Иккинчи бўлим бошида эса Гарначо учинчи голни уриши мумкин эди. Аммо аргентиналик вингер жарима майдони ичида бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олгач, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда тўпни унинг ўзига йўллади. Агар у бу вазиятда яхшироқ зарба берганида ўйин тақдири ҳал бўлиши мумкин эди, аммо бу ҳолда мухлислар драматик лаҳзалардан қуруқ қолган бўларди.
Мавзуга оид
Паулу Фонсеки жамоаси сўнгги ўн уч учрашувда рақиб дарвозаларини камида икки мартадан ишғол этиб келаётганди ва бу серия «Олд Траффорд»да ҳам давом этди. Мезбонлар қулай ҳисобни ушлаш учун жарима майдонига қамалиб олгач, Толиссодан британча гол қабул қилиб олишди, Таляфиконинг зарбасидан кейин эса Онана тўпни фақат дарвоза чизиғини кесиб ўтганидан кейин қайтарди.
Ўйин овертаймларга ўтди ва у ерда британлар сон жиҳатдан устунликка эга эди: асосий вақт тугаётганида Толиссога иккинчи сариқ карточка кўрсатилгани туфайли «Лион» озчилик бўлиб қолди. Корентин ўйин давомида қўпол ҳаракат қилди ва олдинроқ Фернандешга қарши қўполлиги учун майдондан четлатилиши мумкин эди. Ўшанда швейцариялик ҳакам Шерер уни кечирганди. 89-дақиқада эса Йорога ортдан тегиниб, ҳужумни тўхтатганида эса лимит тугаганди.
Энг қизиқарлиси, ўн киши ҳолатида французлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Фофана қарши ҳужумда чап қанотга кўчди ҳамда жарима майдони ичига кириб бориб, Дало ва Шоунинг ўртасида қисилиб қолди. Агар тўп йўқотилганида вазият VAR томонидан кўрилиши ва мезбонлар дарвозасига пеналти қўйилиши мумкин эди, аммо тўпга Шерки эга чиқди ва қайтариб бўлмас зарбаси билан бурчакни ишғол этди. Кўп ўтмай Фофана барибир 11 метрлик жарима зарбаси ишлади — бу сафар у Йоро ва Шоу орасидан ўтишга уринганида англиялик ҳимоячи қўполликдан ўзини тия олмади. Ляказетт зарбани бенуқсон ижро этди.
«Юнайтед»да вазиятни ўнглаш учун ҳали «11 га 10» форматида 10 дақиқа бор эди. Алмада жарима майдони ичида тўпни олишга уриниб, Каземиронинг оёғига тепиб юборди. Ҳакам аввалига «нуқта»ни кўрсатмади. VAR-марказдаги ёрдамчилар эса уни видеотакрорни кўришга чақирди ва ҳакам қарорини ўзгартирди. Бруну ҳисобни қисқартирди - 3:4. Ўйиннинг 114-дақиқаси ўтиб бораётганди, камералар йиғлаётган болакайни кўрсатишди. Аммо у ҳали олдинда нималар кутаётганини тасаввур қила олмасди.
120-дақиқа. Каземиро Брунунинг узатмасини бир тегинишда Майнунинг йўлига ташлади. Кобби финт билан рақибни бир томонга олди ва тўпни олис бурчакка михлади. 120+1-дақиқа. Магуайр марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлиб, тўп учун курашда Някатедан устун келди ва Каземиронинг пасини голга айлантирди. Ўйин давомида меҳмонлар 0:2 ҳисобини 4:2 га айлантиришди. Мезбонлар эса сўнгги дақиқа ичида 2:4 ни 5:4 гача айлантира олишди. Кўпчилик бир кун олдин «Сантяго Бернабеу»да ремонтада кутганди. Бу иш эса «Олд Траффорд»да содир бўлди.
«Айнтрахт» учун ўйин Гётценинг жароҳати билан боғлиқ ёқимсиз ҳолатда бошланди. Аммо ундаги шикастланиш — Мэддисон «бургутлар» дарвозабони Кауа Сантос билан тўқнашувдан кейин бошдан кечирган оғриқлар олдида ҳеч нарса эмас.
Дарвозабон тўп учун курашда устун келиб, тўпни боши билан қайтарганди. Аммо ҳакам бу вазиятда фол қайд этгач, барибир пеналтидан гол ўтказиб юборди. Соланкенинг 11 метрдан йўллаган аниқ зарбаси «Тоттенҳэм» яримфиналга чиқиши учун етарли бўлди. Ички аренада муваффақиятсиз иштирок этаётган «шпорлар» фаолиятининг иккинчи йилида нима қилиб бўлса ҳам соврин олишни ваъда қилган мураббийи Ангелос Постекўғлини уялтириб қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
«Атлетик»нинг ҳам ўзига хос мотивацияси бор, басклар бу оқшом ўз уйида ўтадиган финал сари яна бир қадам ташлади. Биринчи ўйинда «Атлетик» ҳужум чизиғи вакиллари кўплаб имкониятлардан фойдалана олмаганди. Жавоб ўйинида ҳам анъана давом эттирилди: илк дақиқаларда мезбонлар бўш қолган дарвозани ишғол эта олишмади. Фақат биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Сансет пеналтини аниқ ижро этгач, мухлислар енгил тин олишди. Иккинчи бўлимда эса кичик Уилямс меҳмонларнинг умидларини буткул кўмди. Басклар финал учун манкунианларга қарши икки ўйин ўтказади.
Ўйин меҳмонлар дарвозабони Хайкиннинг бенефисига айланди. Биринчи ўйинда икки гол фарқи билан ғалаба қозонган норвеглар ҳимоявий услуб танлашди ва биринчи бўлимдаёқ гол ўтказиб юборишди. Лекин қолган вақт давомида меҳмонларнинг россиялик дарвозабони «Будё-Глимт»да яримфинал учун имкониятни сақлаб қолиш учун бор имкониятини ишга солди. Ва у бунга яқин эди, аммо 90+3-дақиқада Нослин икки учрашув натижасига кўра ҳисобни тенглаштирди.
Бундан илҳомланган «Лацио» қўшимча бўлим бошлангач, катта куч билан олдинга ташланди ва учинчи голни ҳам урди. Аммо тўққиз дақиқа ўтиб «Будё» барибир ўз голини урди ва қарама-қаршилик тақдири пеналтилар сериясида ҳал бўладиган бўлди. Футбол лотереясида эса Хайкин яна монстр режимини ёқиб, икки зарбани қайтарди. Энди жамоа финал йўлида «Тоттенҳэм» билан беллашади.