Ўзбекистон | 14:50 / 18.08.2023
7442
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тўғри ишлаётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни қилиб беришга тайёрмиз»

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда. Давлат раҳбари тадбиркорларга алоҳида мурожаат билан чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги етти йилдаги солиқ ислоҳотлари, тадбиркорларга берилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида уларнинг ихтиёрида 120 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди. Мана бугун ҳам жуда катта қулайликлар берилмоқда.

“Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади”, деган гап бор.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда “хуфиёна иқтисодиёт”нинг улуши 40 фоиз атрофида. Биз тўғри ишлаётган, иш ўрни яратаётган, илғор технологиялар жорий қилиб, янги маҳсулотларни ўзлаштираётган, экспортини ошираётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни қилиб беришга тайёрмиз.

Лекин солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга биз албатта муросасиз бўламиз.

Шу боис тадбиркорларимиз ўзлари ҳам бош бўлиб, бундай “нопок” ишбилармонлар сафларида бўлишига йўл қўймаса, ўйлайманки, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини карра-карра қисқартирамиз”, - деди давлат раҳбари.

Келгуси йиллар учун белгилаб олган режа ва дастурларни амалга ошириш осон бўлмаслиги, лекин ҳаёт синовларида тобланган, сўзида ҳам, ишида ҳам қатъий, мард ва ташаббускор тадбиркорлар бор экан, кўзланган марраларга албатта эришилишига ишонч билдирилди.

Айни пайтда давлат раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда уларнинг фикр ва таклифларини тингламоқда.

Мавзуга оид