Жаҳон | 09:09 / 22.08.2023
10080
2 дақиқада ўқилади

Трамп 200 минг доллар гаров эвазига озодликда қолди

Жоржия штати суди гаров эвазига уни ҳибсга олмайди.

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Жоржия штатидаги сайловларга аралашиш иши бўйича ҳибсга олинмайди ва гаров эвазига озодликда қолади.

Трамп вакиллари тўлашга рози бўлган сумма 200 минг долларни ташкил қилади: 12 та айбловнинг ҳар бири учун 10 минг доллар, яна бир айблов учун 80 минг доллар.

Собиқ президент тўловни нақд пулда амалга ошириши ёки кафиллик орқали гаровни расмийлаштириши мумкин.

Озодликда қолишнинг яна бир шарти: гувоҳлар ва судланувчилар билан мулоқот қилмаслик. Бундан ташқари, Трамп судда шахсан иштирок этиши керак, бу ҳақда олдинроқ огоҳлантирилган эди.

Аввалроқ Жоржия округи прокурори Фени Уиллис Оқ уйнинг собиқ раҳбари Доналд Трамп иши бўйича суд жараёнини келаси йилнинг 4 март кунига белгилашни таклиф қилган эди. Трамп ва унинг иши бўйича бошқа гумонланувчилар сентябрь ойи бошида расман айблов қўйилиши учун судга келиши кутилмоқда, деди у.

Трамп ўзига нисбатан қўйилаётган барча айбловларни рад қилмоқда.

Мавзуга оид