Ўзбекистон | 16:11 / 23.08.2023
16069
2 дақиқада ўқилади

Қўқон педагогика институти декани 4 минг доллар олаётганда ушланди

ДХХ ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида маълумот берди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда ўқишга киритиш билан боғлиқ бир қанча фирибгарлик ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Қўқон шаҳридаги банклардан бирининг мутахассиси ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида, Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у пулни мазкур олий таълим муассасасида декан лавозимида ишловчи шахсга бериши кераклиги аниқланган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилган ва декан ҳам пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Фарғона шаҳридаги хусусий университет директорининг ўринбосари, фуқаронинг Қирғизистон Республикаси Ўш давлат педагогика университетидаги ўқишини Чирчиқ давлат педагогика институтига кўчириб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. У олдин ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судлангани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Хоразм вилояти, Урганч туманида яшовчи, 1998 йил туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида Урганч давлат университетининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3,5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид