Оқ уй: Россия ва Шимолий Корея қурол етказиб бериш масаласини яширинча муҳокама қилмоқда
Оқ уй Москванинг Украинага қарши урушда Пхеняндан ёрдам олишни истаётгани бўйича тобора кўпроқ аломатларини кўрмоқда.
Россия ва Шимолий Корея Украинага қарши урушда фойдаланиш учун қурол-яроғ етказиб бериш бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда ва муҳокама «фаол равишда олдинга силжимоқда». Бу ҳақда 30 август, чоршанба куни Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби матбуот анжуманида маълум қилди.
Расмийнинг сўзларига кўра, «Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу яқинда Шимолий Кореяга бориб, Пхенянни Россияга артиллерия ўқ-дориларини сотишга кўндирмоқчи бўлган». Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида ваъдалар бўлган мактуб алмашди, Россия расмийларининг яна бир гуруҳи КХДРга йўл олди, деди Кирби.
Оқ уй фикрича, делегациянинг мақсади Москва ва Пхенян ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш соҳасидаги потенциал келишувларни муҳокама қилишга кўмаклашишдир. Музокаралар натижасида Россия «РФ ҳарбийлари Украинада ишлатмоқчи бўлган бир неча турдаги ўқ-дориларнинг сезиларли миқдорини олиши керак», дея огоҳлантирди Кирби. Бундан ташқари, Москва Пхенян билан қурол ишлаб чиқариш учун хомашё харид қилиш бўйича шартномалар тузиши мумкин.
Россия Хитой билан қурол-яроғ битимларини тузишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин
2023 йил бошида Қўшма Штатлар бир неча бор Москва ва Пекин ўртасида Украинада қўлланилиши мумкин бўлган қуролларни етказиб бериш бўйича музокараларга эътибор қаратган.
Хитой урушдаги бетарафлигига ишора қилиб, бундай етказиб бериш ҳақидаги хабарларни рад этди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари Россия ҳали ҳам воситачилар орқали Хитой фирмаларидан қурол ва ўқ-дориларни сотиб олаётганини кўрсатадиган ҳолатларни аниқлади. Расмий Пекин бу хабарларга ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Бундан ташқари, август ойида Британия разведкаси Украинага ҳарбий ҳужум бошланганидан буён Россия Хитойдан ўн минглаб юклар, жумладан, дронлар, вертолётлар ва хомашё олганига эътибор қаратди. Баъзи юкларни қабул қилувчилар Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остидаги Россия компаниялари бўлган.
Москва етказиб бериш эвазига Шимолий Кореяга БМТда қўллаб-қувватловни таклиф этиши мумкин
Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатида унинг резолюцияларига вето қўйиш ҳуқуқига эга ва бундан Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқроқ санкцияларни блоклаш учун бир неча бор фойдаланган. Бу сўнгги йилда тез-тез кузатилди, натижада Қўшма Штатлар Россия ва Хитойни Пхеняннинг милитаристик ҳаракатларини яширишда бевосита айблади.
The New York Times газетасининг ёзишича, Москва КХДР билан алоқаларни фаол равишда мустаҳкамламоқда. Шу тариқа, 2022 йилда Россия Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Шимолий Кореядан қисқа масофали ракеталар ва артиллерия снарядларини сотиб олишни бошлади. Шу билан бирга, Россия урушда техника ва ўқ-дориларни йўқотгани ҳамда ғарб санкциялари туфайли КХДР каби давлатлардан ёрдам сўрашга тобора кўпроқ мажбур бўляпти, дея таъкидлаган АҚШ Молия вазирлиги.
Мавзуга оид
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:59 / 19.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Шимолий Корея билан ўйинда 10 киши қолиб, қийин ғалабага эришди
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:48 / 19.11.2024