Жаҳон | 15:02 / 01.09.2023
7233
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон бир-бирини ўз ҳудудларини ўққа тутишда айблади 

Арманистон ва Озарбойжон бир-бирини ўз ҳудудларини ўққа тутишда айблаб чиқди. Ереван чегарадаги тўқнашувда икки арман ҳарбийси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Фото: Reuters

Арманистон ва Озарбойжон бир-бирини ҳудудларини ўққа тутганликда айблади. Арманистон Мудофаа вазирлиги 1 сентябр, жума куни эрталаб Озарбойжондан ўққа тутилиши натижасида бир кун аввал икки арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилди

«Озарбойжон Қуролли кучлари томонидан Арманистоннинг Сотка участкасидаги (Арманистон шарқидаги Гегаркуник вилояти) позициялари ўққа тутилиши натижасида Арманистон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, бир нафари яраланди», — дейилади Арманистон Мудофаа вазирлиги хабарида.

Аввалроқ Озарбойжон Мудофаа вазирлиги уч нафар озарбойжонлик ҳарбий яралангани ҳақида хабар берган эди. 

Озарбойжон томони маълумотларига кўра, Арманистон учувчисиз учоғи Озарбойжон армиясининг Келбажар вилояти ҳудудида жойлашган позицияларига уюштирган ҳужуми натижасида икки нафар аскар жароҳатланган. 1 сентябр куни эрталаб Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Арманистон томони Басаркечар тумани Зод ҳудудида жойлашган позицияларидан ўққа тутгани ҳақида хабар берди. 

АҚШ Бокуни «ТҚР»га ёрдамни ўтказиб юборишга чақирди 

Айни пайтда, АҚШ Озарбойжонни исёнкор Тоғли Қорабоғ озар ҳудудига зудлик билан инсонпарварлик ёрдами кириб боришига рухсат беришга чақирди, бу ерда аҳолисининг аксарияти - арманлар. АҚШ Давлат департаменти минтақадаги ҳуманитар вазият ёмонлашганидан хавотир билдирди. 

«Биз Лочин йўлагини ҳуманитар, тижорат ва йўловчи транспорти учун зудлик билан очишга, тинч аҳоли учун муҳим юкларни ташиш воситаларини келишиб олишга чақирамиз. Асосий ҳуманитар ёрдам ҳеч қачон сиёсий келишмовчиликлар гаровига айланмаслиги керак», — дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид