Жаҳон | 15:32 / 01.09.2023
12620
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда президентга импичмент эълон қилиш жараёни бошланди

Импичмент жараёни Гуржистонда ҳукмронлик қилаётган «Гуржистон орзуси» партияси томонидан бошланган. У Саломе Зурабишвилини ҳукумат билан келишилмаган хориж сафарлари туфайли конституцияни бузганликда айблаяпти.

Фото: Reuters

Гуржистондаги ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси давлат раҳбари Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини бошламоқда, деб хабар берди партия раиси Ираклий Кобахидзе. «Партия сиёсий кенгаши йиғилишида биз Европага ташрифларни ҳукумат билан мувофиқлаштирмай, мамлакат Конституциясини бузган президент Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини бошлашга қарор қилдик», — деди у 1 сентябр, жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шу билан бирга, Кобахидзенинг таъкидлашича, парламентдаги сиёсий кучлар позициясига асосланиб, импичментда муваффақият қозониш мумкин эмас, чунки 150 тадан 100 та овоз зарур, ҳукмрон партия эса мухолифатнинг қўллаб-қувватлашисиз бундай рақамни таъминлай олмайди. Шунга қарамай, импичмент жараёнини бошлаш «партиянинг конституциявий бурчидир», деди у. Кобахидзе, шунингдек, «Гуржистон орзуси» президент конституцияни бузганлиги факти юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилишини айтди. 

«Келишилмаган ташриф»

«Гуржистон орзуси» Зурабишвили ҳукумат рухсатисиз хорижга сафарга чиқиб, асосий қонунни бузганини даъво қилмоқда. Гуржистон конституциясининг 52-моддасига мувофиқ, президент ташқи муносабатларда вакиллик ваколатларини амалга оширади, вазирлар маҳкамаси розилигига кўра хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб боради.

Саломе Зурабишвили президент Франк-Валтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказиш учун 31 август куни Германияга борди. У Гуржистонга Европа Иттифоқига номзод мақоми берилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа етакчилари билан қатор учрашувлар ўтказмоқда. Тбилисидаги ҳукумат бу сафарни маъқулламади. 

Зурабишвили Штайнмайерга Х платформасидаги (собиқ Twitter) микроблогида учрашув учун миннатдорчилик билдирди ва Германиядан кўмак муҳим бўлишини таъкидлади. «Гуржистон халқи ўзининг Европадаги келажагига ишонади», дея қўшимча қилди у. 

Президент ва «Гуржистон орзуси» ўртасидаги зиддият 

Гуржистон вазирлар маҳкамаси Саломе Зурабишвилининг бошқа амалий ташрифлари бўйича ҳам розилик бермаган: 22-24 август кунлари Украинага, сентябрда Швейцария ва Болгарияга, октябрда Полша, Бельгия ва Данияга, шунингдек, декабр ойида Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия ва Исроилга.

Саломе Зурабишвили 2018 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган эди. Расмий равишда у мустақил номзод сифатида кўрсатилган, аммо уни «Гуржистон орзуси» қўллаб-қувватлади. Кейинчалик, давлат раҳбари ва сиёсий куч ўртасидаги муносабатлар Россия-Украина уруши ва Москва билан муносабатлардаги келишмовчиликлар фонида ёмонлаша бошлади.

Гуржистон Украина ва Молдова билан деярли бир вақтда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган. 2022 йил июн ойида Украина ва Молдова ЕИ аъзолигига номзод бўлди, бироқ Гуржистон бу мақомни олмади. Брюссел Гуржистонга уни «қолган устувор вазифалар ҳал этилиши биланоқ» тақдим этишга ваъда берди.

Мавзуга оид