Жаҳон | 21:16 / 08.09.2023
9086
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг музлатилган активлари миқдорини 280 млрд долларга баҳолади 

Россиянинг 280 миллиард долларга яқин активлари бутун дунё бўйлаб музлатилган, уларнинг аксарияти Европа Иттифоқида. Москва активларнинг музлатилишини ноқонуний деб ҳисоблайди. 

Фото: Антон Великжанин

Россиянинг қарийб 280 миллиард долларлик активлари бутун дунё бўйлаб блокланган. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Россия элиталари, ишончли вакиллари ва олигархлари (REPO) бўйича ишчи гуруҳи маълум қилди. 

REPO йиғилишида Европа Комиссияси, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Франция, Германия, Япония ва Италиядан вакиллар иштирок этди. Гуруҳ REPO мамлакатлари юрисдикциясида сақланаётган ва блокланган активларни хариталаш ва ҳисобга олиш бўйича дастлабки ишларни якунлаган. 

«Ҳисобланган активларнинг умумий қиймати тахминан 280 миллиард долларга баҳоланмоқда, уларнинг аксарияти Европа Иттифоқида жойлашган», дейилади АҚШ Молия вазирлиги хабарида. 

Гуруҳга аъзо давлатлар «Россиянинг REPO аъзолари юрисдикциясидаги суверен активлари Россия томонидан Украинага етказилган зарар тўланмагунча музлатилган ҳолда қолиши» учун чоралар кўришга ваъда берган. Шунингдек, улар блокланган активларни йил охиригача тўлиқ таққослашдан ўтказиш бўйича ишларни якунлашни режалаштирмоқда. 

Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин Ғарб давлатлари Россия ва фуқароларига тегишли активларини блоклашни бошлади. Россия молия вазири Силуанов 2022 йил март ойи ўрталарида АҚШ, Европа Иттифоқи ва уларнинг иттифоқчилари санкциялари туфайли Россиянинг 300 миллиард долларга яқин захиралари музлатиб қўйилгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Россия олтин-валюта захираларининг ярмидан маҳрум бўлган. Ўтган июнь ойида АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг бутун дунё бўйлаб музлатилган активлари қийматини тахминан 330 миллиард долларга баҳолаган эди, шундан 300 миллиард долларга яқини Марказий банкнинг активларидир. Европа Иттифоқи 2023 йил июлида Россиянинг 207 миллиард евролик (деярли 222 миллиард доллар) активларини, шу жумладан Марказий банк активларини блоклаганини эълон қилди. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яқинда Киевга ташрифи чоғида Қўшма Штатлар санкция остидаги шахслардан мусодара қилинган активларни Украинага берилишини ва бу маблағлар украиналик уруш фахрийларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланишини айтди. Шундан сўнг, АҚШ прокуратураси блокланган Россия активларидан тушган маблағларни Украинага бериш режасини эълон қилди. 

Кремл АҚШ Давлат котибининг баёнотига салбий муносабат билдирди. «Россия давлат ёки хусусий мулк билан боғлиқ ҳар қандай маблағларни блокировка қилиш билан боғлиқ барча ҳолатларни ноқонуний хатти-ҳаракатлар деб билади», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг таъкидлашича, Кремл «бундай ноқонуний ҳаракатларнинг бирортасини» эътиборсиз қолдирмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид