Жаҳон | 09:32 / 08.09.2023
4735
2 дақиқада ўқилади

Россиялик тадбиркор АҚШда 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Владислав Клюшин киберфирибгарликда айбдор деб топилди. Тадбиркорнинг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилмоқчи. Бостон суди Россия фуқаросидан 34 миллион доллар ундиришга қарор қилди.

Владислав Клюшин Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бостон (Массачусетс штати) суди 7 сентябр, пайшанба куни россиялик тадбиркор Владислав Клюшинни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди АҚШ Адлия вазирлиги. Эркак киберфирибгарликда айбдор деб топилди. Бундан ташқари, суд Россия Федерацияси фуқаросидан 34 миллион доллар (31,7 миллион евро) ундириш ва унинг фаолиятидан кўрилган зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқарди, бу сумма миқдори кейинроқ аниқланади.

Айблов Клюшинни 14 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Тадбиркорнинг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилмоқчи, деди Россия Федерацияси фуқаросининг адвокати Максим Немцев.

Яна 4 нафар гумонланувчи қидирувга берилган 

Киберфирибгарлик иши бўйича яна тўрт нафар гумонланувчи бор - Иван Ермаков, Николай Румянцев, Михаил Ирзак ва Игор Сладков. Улар АҚШ ҳукумати томонидан қидирувга берилганлар рўйхатига киритилган. Терговга кўра, беш гумонланувчи ўғирланган корпоратив маълумотлардан фойдаланган ҳолда ўн миллионлаб долларлик йирик инсайдер савдоларини уюштирган. 

Владислав Клюшин 2021 йилда Швейцарияда қўлга олинган, кейин эса АҚШга экстрадиция қилинган. Тадбиркорнинг ҳимояси унинг ҳибсга олиниши устидан бир неча бор мурожаат қилган. Феврал ойида АҚШ ҳакамлар ҳайъати уни бир қатор компаниялар ҳақидаги махфий маълумотларни олиш ва сотиш мақсадида компьютер тармоқларига бузиб киришда айбдор деб топди. 

Владислав Клюшин Россия расмийлари билан ҳамкорлиги орқали танилган. У Россия Федерацияси президенти маъмурияти учун «Катюша» оммавий ахборот воситалари мониторинг тизимини ишлаб чиққан «М 13» Москва компаниясининг асосчиси эди. Bloomberg агентлигининг ёзишича, Клюшин Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси ҳужжатларидан фойдаланиш имконига эга бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид