Марокашдаги 7,2 магнитудали зилзила оқибатида икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлиб, икки мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Марракиш шаҳрининг тарихий маркази вайрон бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 9 сентябрга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан ўтганида Марокашнинг марказий қисмидаги Юқори Атлас тоғида рўй берган зилзила оқибатида 2012 киши ҳалок бўлган ва 2059 киши жароҳат олган, улардан 1404 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Маҳаллий амалдорлардан бирининг журналистларга маълум қилишича, қурбонларнинг кўпчилиги етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларга тўғри келади.
Қирол Муҳаммад VI уч кунлик миллий мотам эълон қилди ва омон қолганларга бошпана, озиқ-овқат ва бошқа ёрдам кўрсатишни буюрди.
Марокаш Миллий геофизика институти маълумотига кўра, 7,2 магнитудали зилзила Марракиш шаҳридан 70-80 километр масофадаги тоғли ҳудудда рўй берган. Биринчи силкинишдан 19 дақиқа ўтиб 4,9 магнитудали иккинчиси содир бўлган.
АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 6,8 магнитудага баҳолаган ва эпимарказ ер юзасига нисбатан яқин жойлашганини билдирган — 18,5 километр. Мамлакат ички ишлар вазирлигига кўра, ер ости силкиниши Ал-Ҳауз, Уарзазат, Марракиш, Азилал, Шихауа ва Тарудант провинцияларини қамраб олган.
Ер қимирлаши Атлантика океани соҳилидаги Работ, Касабланка ва Ас-Сувейра шаҳарларида ҳам сезилган.
Ҳодиса ҳақидаги маълумотлар бир неча соат ўтибгина кела бошлаган. Дастлаб Reuters агентлиги маҳаллий амалдорлардан бирига асосланиб, ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар берганди. У ўлим ҳолатларининг аксари етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларда рўй берганини қайд этган.
Кейинги соатларда қурбонлар ва жароҳат олганлар сони тўхтовсиз ўсиб борди, ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 2012 нафарни ташкил этмоқда ва бу рақам яна ўсиши мумкин.
Зилзила оқибатида эпимарказга энг яқин жойлашган йирик шаҳар бўлмиш Марракишда турар жойлар ва бошқа бинолар қулаб тушган. ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Эски шаҳарда яшовчилар уйлари қулаб тушгани ҳақида хабар беришган. Маҳаллий телеканалларда масжид биноси шикастлангани, автомобиллар яксон бўлгани акс этган тасвирлар берилган.
Ресторанлардан биридаги камерадаги ёзувда одамлар террасада овқатланиб ўтиргани ва силкинишдан кейин у ердан отилиб чиқиб, бинодан узоқроққа кетишга ҳаракат қилгани акс этган.
Қутқарув хизматлари харобаларни тозалаш ишларини давом эттирмоқда.
Зилзила таъсир қилган ҳудудларда мобил алоқа ва электр энергияси таъминотида муаммолар кузатилмоқда.
Ҳиндистон ва Евроиттифоқ мамлакатлари Марокаш ҳукуматига ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.