Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сафарбар қилинган аёл шифокорларга Украинадан чиқиб кетиш тақиқланади
1 октябрга қадар Украинада тиббий маълумотга эга бўлган барча аёллар ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтиши керак, бироқ уларнинг барчасининг ҳам мамлакатдан чиқиб кетиши чекланмайди.
Украинада тиббий ёки фармацевтика маълумотига эга бўлган аёллар 2023 йил 1 октябрдан бошлаб ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Чет элга чиқишни тақиқлаш фақат сафарбар қилинадиган шахсларга тааллуқлидир, деди 8 сентябр, жума куни Олий рада Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси, президентнинг парламентдаги вакили Фёдор Вениславский.
«Ҳарбий хизматга мажбур бўлган аёлларнинг чет элга чиқишини чеклашга келсак, бундай чеклов фақат маълум вазифаларга мувофиқ сафарбар этилган аёлларга нисбатан қўлланади. Чунки бу аёллар ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлиб, тегишли ҳуқуқ ва чекловларга бўйсунади», - деди Вениславский. У оддий ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтган аёл шифокорларнинг хорижга чиқиши чекланмаслиги ва бу масала кўриб чиқилмаётганини таъкидлади.
Тиббий маълумотга эга бўлган аёллар ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтиши керак
Бир кун аввал Олий рада аёлларни ихтиёрий ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, деди депутат Алексей Гончаренко. Аёл шифокорлар учун ҳарбий рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади. Кейинчалик Вениславскийнинг хабар беришича, аёл шифокорлар рўйхатдан ўтгандан сўнг, чет элга чиқиши чекланган ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар мақомига эга бўлади.
«Агар улар рўйхатга олинган бўлса, ҳарбий хизматга мажбурлар мақомига эга бўлади, ҳарбий хизматга мажбурлар эса белгиланган тартибда чет элга чиқиши мумкин. Агар вақтинча чиқиш ҳуқуқий берувчи алоҳида ҳужжатлар йўқ бўлса, улар ҳам эркаклар каби сафар қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади», деди Вениславский «РБК-Украина»га. Энди амалдор ўз сўзларига ойдинлик киритди.