Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Макрон Лавровнинг G20 саммити декларациясига берган баҳосини рад этди
Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 саммити Россия учун муваффақиятли бўлмади, у яккаланиб қолди, деди Франция президенти. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари декларация матнини ижобий баҳолаб, «Украина банди» «Украина ҳақида эмас»лигини айтган эди.
Франция президенти Эммануэл Макрон Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 саммити якунлари ҳақидаги баёнотини давом этаётган уруш позицияси нуқтайи назаридан рад этди. Саммитнинг якуний декларацияси Россиянинг дипломатик ғалабаси деб ҳисобланмайди, деди Франция президенти 10 сентябр, якшанба куни саноати ривожланган ва иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар саммити якунида.
Аксинча, Россия саммитда яккаланиб қолди, дея таъкидлади Макрон. Бундан ташқари, G20 форматидаги учрашувлар Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилишда дипломатик ўзгаришни кутиш мумкин бўлган жой эмас, чунки халқаро иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун яратилган, дея қўшимча қилди у.
Шолц: Аниқ сўзлар айтилди
Ўз навбатида, Германия канцлери Олаф Шолц якуний декларация мазмуни ҳақида ижобий фикр билдирди. Саммитда давлатларнинг, хусусан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигига қўшнилар томонидан таҳдидлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини кўрсатувчи аниқ сўзлар айтилди, деди у.
Ҳиндистондаги G20 саммитининг якуний декларациясида, 2022 йилдаги шунга ўхшаш ҳужжатдан фарқли ўлароқ, Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлаган Россия ҳаракатларига тўғридан тўғри танқид йўқ. Аксинча, иштирокчилар БМТ низомига ишора қилиб, мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига тажовуз қилмасликка чақирди.
Киев бу ҳужжатни танқид қилди. «Украина матнга кучли позицияни киритишга уринган ҳамкорлардан миннатдор. Шу билан бирга, G20 Россиянинг Украинага тажовузига қарши фахрланадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмади», деб ёзди Украина ТИВ вакили Олег Николенко. Унинг айтишича, «Украина томони иштироки қатнашчиларга вазиятни яхшироқ тушунишга имкон берарди». «Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса бўлмайди» тамойили ҳар доимгидек асосий бўлиб қолмоқда», - дея давом этди у декларациянинг Украина томонидан киритилган тузатишлар версиясини эълон қилиб.
Лавров: Ғарб G20 саммити кун тартибини «украиналаштира» олмади
Ўз навбатида, Россия ТИВ раҳбари G20 саммити якуний баёнотидаги Россиянинг Украинага қарши урушига баҳо беришга оид банд мазмунини ижобий баҳолади. «Кўп жиҳатдан глобал жанубнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилишдаги мустаҳкам позицияси туфайли Ғарбнинг ривожланаётган мамлакатлар долзарб вазифаларини муҳокама қилиш эвазига бутун кун тартибини яна «украиналаштириш»га уриниши муваффақиятсиз бўлди», деди Лавров Деҳлидаги матбуот анжуманида. Лавровнинг сўзларига кўра, бу банд «Украина ҳақида эмас». «У ерда Украина инқирози тилга олинади, лекин фақат дунёда мавжуд бўлган барча можароларни БМТ низоми мақсад ва тамойилларига тўлиқ ва ўзаро боғлиқ ҳолда ҳал қилиш зарурати контекстида», — дея унинг сўзларини келтиради «Интерфакс».
Шу билан бирга, россиялик вазир Ҳиндистондаги воқеани «бурилиш нуқтаси» деб атади. «Ҳиндистон раислиги, эҳтимол, G20 бутун фаолияти давомида, глобал жанубдаги 20 аъзони чинакамига бирлаштирди. Бизнинг БРИКС бўйича ҳамкорларимиз айниқса фаол бўлди», - дея тушунтирди у.
9 сентябр куни имзоланган декларация матни саммит мезбони Ҳиндистон томонидан Жанубий Африка, Бразилия ва Индонезия билан биргаликда ишлаб чиқилган. Унда иштирокчилар Украинада «мавқега эга бўлиш» учун «куч қўллаш»ни қоралади. Шу билан бирга, Москва матнда Россиянинг Украинага бўлган тажовузкорлиги тўғридан тўғри қораланмаслигини таъминлади. G20 декларацияси, шунингдек, «ғалла битими»ни амалга оширишга чақиради ва ядро қуролидан фойдаланиш, шунингдек, ядровий таҳдидларни танқид қилади. Келишувнинг имзоланиши кутилмаган ҳол бўлди, чунки G20 Украинадаги уруш бўйича иккига бўлинган, дея қайд этади Reuters. Ғарб давлатлари аввалроқ Россияни кескин қоралашни талаб қилган бўлса, бошқалар, жумладан, Хитой ҳам иқтисодий масалаларга кенгроқ эътибор қаратишга чақирган.
Мавзуга оид
21:20 / 04.06.2026
Байденнинг уруши Трампнинг урушига айланди — Сергей Лавров
08:54 / 26.05.2026
Лавров: Россия Киевга “тизимли зарбалар”ни бошлайди
23:30 / 07.04.2026
«Алишернинг илтимосига кўра телефон қиляпман» – Лавровнинг суҳбатини тинглашди
15:29 / 03.04.2026