Ўзбекистон | 07:46 / 16.09.2023
7837
2 дақиқада ўқилади

2020 йилдан бери ўзбекистонликлар 255 кг ўлчовли олтин қуймалари сотиб олди

Фото: Марказий банк

Қимматбаҳо металлардан ясалган эсдалик тангаларини, айниқса йирик тангаларни аҳоли ҳам фаол харид қилмоқда.

Марказий банк 2021 йилдан бери биринчи марта ўлчовли олтин қуймалари ва қимматбаҳо металлардан ясалган эсдалик тангалари савдоси тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

2021–2023 йилларда Марказий банк томонидан 5 хил мавзуга бағишланган жами 3550 тиражда олтин (умумий вазни – 72кг, тангалар вазни – 15, 20, 31,1 грамм) ва 3900 тиражда кумушдан (умумий вазни – 121 кг, тангалар вазни – 31,1 грамм) тайёрланган эсдалик тангалари сотувга чиқарилди.

Аҳоли томонидан нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ҳамда жамғариш мақсадида сотув шохобчалари орқали 2951 дона (83 фоиз) олтин ва 3864 дона (99 фоиз) кумушдан тайёрланган эсдалик тангалари сотиб олинди.

Ўтган давр мобайнида аҳолига инвестиция ва жамғариш мақсадларида сотув шохобчалари орқали 13 130 дона (умумий вазни – 255 кг) ўлчовли олтин қуймалари сотилган.

1 сентябр ҳолатига кўра, аҳоли қўлида бўлган ҳар бир турдаги қуймалар сони қуйидагича:

5 граммли - 3793 дона, умумий оғирлиги 18,96 кг;
10 граммли - 3854 дона, 38,5 кг;
20 граммли - 2545 дона, тахминан 51 кг;
50 граммли - 2938 дона, 147 кг.

Ҳудудлар кесимида ўлчовли олтин қуймаларни сотиш бўйича Тошкент шаҳрида ташкил этилган сотув шохобчалари етакчилик қилиб, Тошкент шаҳрида сотилган қуймалар сони 9894 донани (жами муомалага чиқарилган қуймаларнинг 75 фоизи) ташкил этмоқда.

Эсдалик тангаларини аҳолига сотиш 2018 йилда бошланган, икки йилдан сўнг унга олтин қуймалари ҳам қўшилган. Якка тартибдаги харидорларга тегишли шартларга риоя қилган ҳолда уларни Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат берилган. 

Мавзуга оид