20:52 / 16.09.2023
22566

Ундан гўштгача — турли давлатлар супермаркетларида aсосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи қанча?

2022 йилда инфляция даражаси энг юқори бўлган давлат 138,8 фоиз билан Судан деб топилган бўлса, 1 фоизли қимматлашиш Макао давлатида кузатилиб, инфляция энг паст давлат бўлган. Ўзбекистон эса бу рўйхатнинг 42-ўрнида. Kun.uz мухбири дунёнинг 5 давлатидаги супермаркетларда бўлиб, ун, мой, шакар, тухум, гуруч, картошка, пиёз, сут, гўшт, нон каби бирламчи маҳсулотлар нархлари билан танишди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Катта шаҳарларда супермаркетлар бозорлик қилиш учун бозорлардан кўра қимматроқ бўлса-да, жойлашув жиҳатидан қулай, компакт ва маҳсулотлар сифати бўйича ишончлироқ. Бугунги келтириладиган маълумотлар ҳам Озарбойжон, Гуржистон, Туркия, Россия ва Беларус давлатларидаги энг харидоргир бўлган супермаркетлар тармоқларидан олинган. Бошқа бозор ва дўконлардаги маҳсулотлар мақоладагидан арзонроқ ёки қимматроқ бўлиши мумкин.

Ун

Супермаркетлар расталаридаги 1 кг ун нархлари: Россияда – 87,99 рубл, Озарбойжонда – 1,69 манат, Беларусда – 3,47 беларус рубли, Туркияда – 32,9 турк лираси ва Гуржистонда – 3,95 лари. Мазкур маҳсулотларнинг Ўзбекистон сўмидаги тахминий қийматлари эса қуйидаги диаграммаларда келтирилган. 

Ўсимлик мойи

1 литр кунгабоқар мойининг нархлари шундай: Беларусда – 4,21 беларус рубли, Россияда – 139,9 рубл, Туркияда – 48,5 турк лираси, Гуржистонда – 5,85 лари ҳамда Озарбойжонда – 5,29 манат.

Шакар

5 давлат супермаркетларидаги шакар учун таклифлар: Россияда – 70,99 рубл (1 кг), Беларусда – 2,79 беларус рубли (1 кг), Туркияда – 26,9 турк лираси (1 кг), Озарбойжонда – 1,39 манат (0,7 кг) ва Гуржистонда – 3,9 лари (0,9 кг) миқдорида. Суратдаги маълумотлар эса 1 кг шакар учун ҳисоблаб чиқилган.

Фабрика тухуми

10 дона қадоқланган тухум нархлари: Россияда – 104,9 рубл, Беларусда – 3,57 беларус рубли, Озарбойжонда – 2,19 манат, Туркияда – 52,5 турк лираси ва Гуржистонда – 5,89 лари миқдорида.

Гуруч

Қадоқланган палов гуручининг нархлари Гуржистонда – 3,35 лари (800 гр), Озарбойжонда – 2,45 манат (900 гр), Россияда – 139,99 рубл (900 гр), Беларусда – 6,29 беларус рубли (900 гр) ва Туркияда – 66,9 турк лираси (1 кг) миқдорида. Маҳсулотнинг 1 кг учун ҳисобланган сўмдаги қийматлари эса графикда кўрсатилган.

Картошка

1 кг картошка учун супермаркетларда белгиланган нархлар эса шундай: Россияда – 29,99 рубл, Беларусда – 1,15 беларус рубли, Гуржистонда – 1,36 лари, Озарбойжонда – 2,99 манат (2,5 кг учун) ҳамда Туркияда – 19,9 турк лираси. 

Пиёз

Пиёз нархларига тўхталсак, улар Озарбойжонда – 0,45 манат, Туркияда – 10,75 турк лираси, Беларусда – 1,29 беларус рубли, Россияда – 49 рубл ва Гуржистонда – 5,25 лари миқдорида сотилмоқда.

Бошқа маҳсулотлар

Шунингдек, яна бошқа бирламчи маҳсулотлардан бири 1 литр қадоқли сут учун Туркияда 21,5 турк лираси (9761 сўм), Беларусда 2,65 беларус рубли (10065 сўм), Озарбойжонда 1,89 манат (13551,3 сўм) ёки Россияда 109,99 руб (14079 сўм) таклиф этилаётган бўлса, 1 дона нон учун Озарбойжонда 0,45 манат (3226,5 сўм), Туркияда 8 турк лираси (3632 сўм) ҳамда Беларусда 1,96 беларус рубли (7444 сўм) сўралмоқда.

1 кг лаҳм мол гўшти эса Озарбойжонда 17,99 манат (129 000 сўм), Туркияда 499,9 турк лирасидан (226 954 сўм) сотилмоқда ва ҳоказо.

Инфляция омиллари

Нархларнинг дунё бўйлаб қимматлашаётгани – беркитиб бўлмас далил. Қаерга борманг, харид қилишда олдинги йилларга қараганда нархларнинг сезиларли ошганини кўрасиз. Охирги ўн йилликларда кузатилган бу энг юқори инфляция кўрсаткичларига дастлаб 2020-2021 йиллардаги пандемия билан боғлиқ дислокациялар сабаб бўлган бўлса, 2022 йилнинг февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши глобал нефт нархлари, табиий газ, ўғит ва озиқ-овқат нархларига кескин таъсир қилди.

“The Global economy” таҳлилларига кўра, 2022 йилда гиперинфляция кузатилган давлатлар антирейтингида Судан (138,8 фоиз), Зимбабве (104,7 фоиз), Туркия (72,3 фоиз), Суринам (52,4 фоиз) ва Шри Ланка (49,7 фоиз) энг салбий кўрсаткичларни қайд этган бўлса, Макао (1 фоиз), Бенин (1,4 фоиз), Боливия (1,7 фоиз), Ҳонконг (1,9 фоиз) ва Хитой (2 фоиз) ўтган йилнинг энг кам инфляцияли давлатлари деб топилди.

 

148 та давлатнинг инфляция даражалари бўйича тузилган мазкур рўйхатда Ўзбекистон 11,4 фоиз билан 42-ўринни банд қилган. Дунёдаги ўртача кўрсаткич эса 11,8 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистондаги расмий статистикаларда 2022 йил давомида базавий инфляция 12,3 фоиз дея қайд этилган ва бу охирги уч йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлган. Таснифланишича, 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 15,6 фоизга, ноозиқ-овқатлар 10,7 фоизга, хизматлар нархи 8,4 фоизга қимматлаган.

2023 йил учун нархларнинг ўзгариш кутилмалари

“The Global economy” таҳлилий портали 2023 йил учун 186 та давлатлардаги ўртача инфляция ўсиши 9,56 фоиз дея прогноз қилмоқда. Бу йил энг “қимматчилик бўладиган” давлатлар бешлигига эса Венесуэла (249,98 фоиз), Зимбабве (181,75 фоиз), Аргентина (88,4 фоиз), Судан (65,26 фоиз) ва Туркия (45 фоиз) киритилган.

Арзончилик кузатиладиган давлатлар рўйхатида эса ўтган 2022 йилдан фарқли равишда ростдан ҳам нархлар тушиши эҳтимоли бор бўлган давлатлар ҳам рўйхатга киритилган. Кирибати (-2,2 фоиз), Лаос (-1,4 фоиз) ва Сенегалда (-0,79 фоиз) бу йил дефляция кузатилиб, нархлар арзонлашиши мумкин.

Ўзбекистон эса бу антирейтингда 11,95 фоизли инфляция даражаси эҳтимоли билан ўтган йилги 42-ўриндан 20-ўринга чиқиши мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг 2023 йил учун давлат бюджети қонунида эса инфляция прогнози 9,5 фоиз деб тахмин қилинган эди.

Сардорбек Усмоний тайёрлади.

Top