Байден БМТ Бош Ассамблеясида Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
АҚШ президенти Бош Ассамблея 78-сессиясида нутқ сўзлади.
АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Россиянинг Украинага қарши тажовузига қарши чиқишга чақирди, шунингдек, бу уруш учун фақат Россия жавобгар эканлигини таъкидлади. Унинг нутқидан CNN иқтибос келтирди.
Байденнинг таъкидлашича, дунёдаги барча давлатлар сингари Қўшма Штатлар ҳам уруш тугашини истайди ва «бу уруш тугашини Украина ҳаммадан кўпроқ хоҳлайди».
«Уруш учун фақат Россия жавобгар. Фақат Россия уни дарҳол тугатишга қодир ва фақат Россия тинчлик йўлида тўғаноқ бўлиб турибди. Чунки Россия тинчлик учун сўраётган нарх - бу Украинанинг таслим бўлиши, Украина ҳудудлари ва болалари. Россия дунё чарчаб қолишига ва Украинага шафқатсизларча муносабатда бўлишига йўл қўйилишига ишонади. Лекин мен бир савол бераман: агар биз тажовузкорни тинчлантириш учун БМТ Низомининг асосий тамойилларидан воз кечсак, ҳар қандай давлат ўзини ҳимоялангандек ҳис қиладими? Агар биз Украинанинг парчаланишига йўл қўйсак, бирорта давлатнинг мустақиллиги таъминланадими? Жавоб: йўқ. Биз келажакдаги эҳтимолий тажовузкорларни тийиб туриш учун ҳозирданоқ бу тажовузга қарши туришимиз керак», деди Байден.
Унинг қўшимча қилишича, Украинани Россия босқинидан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаш «нафақат Украина келажагига, балки ҳар бир давлатнинг келажагига сармоядир».
Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси бўлиб ўтмоқда. 19 сентябр куни Украина президенти Владимир Зеленский БМТ штаб-квартирасида нутқ сўзлаши режалаштирилган.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024