Ўзбекистон | 08:11 / 19.09.2023
10394
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда Ўзбекистон президенти ташаббуси билан барпо этилган мактабда илк қўнғироқ чалинди

Фузулийда бунёд этилган мактаб 960 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қорабоғнинг Фузулий туманида 15 сентябр куни Ўзбекистон президенти ташаббуси билан барпо этилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-умумтаълим мактабида илк қўнғироқ чалинди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Маърузаларда Фузулийда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, биринчи хоним Меҳрибон Алиева, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева томонидан очилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабида ўқув йилининг бошланиши турк дунёси қардошлигини намоён этувчи рамзий маънога эга эканлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон халқи номидан совға сифатида Фузулийда бунёд этилган мактаб 960 нафар ўқувчига мўлжалланган. Ўтган йили бошланган қурилиш ишлари юқори сифатда амалга оширилган. Мактаб биноси уч гектар майдонда қурилган бўлиб, икки қават ва ертўладан иборат. Мактабда 40 та ўқув хонаси, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал синф, 500 ўринли мажлислар зали, спорт зали, 320 ўринли овқатланиш хонаси ва кутубхона мавжуд. 

Мактаб ҳудудида футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар учун махсус жойлар, югуриш йўлаклари, айвонча, назорат пункти, қозонхона, сув иншоотлари, электр узатиш тармоғи қурилган. Янги ўқув йилида мактабнинг 11 синфида 160 нафар ўқувчи таҳсил олади, профессор ўқитувчилар таркиби 15 нафар ўқитувчидан иборат.

Мавзуга оид