Жаҳон | 08:33 / 26.09.2023
17705
4 дақиқада ўқилади

Канадада СС ветерани билан боғлиқ можаро: Варшава узр сўрашни талаб қилмоқда

«Полша Украинанинг энг яхши иттифоқчиси бўлса-да, у ҳеч қачон бундай ёвуз одамларнинг оқланишига рози бўлмайди», деди Витолд Дзелский Володимир Зеленский иштирокида «Галиция» СС дивизияси ветерани Хунка кутиб олинганига изоҳ бераркан. 

Ярослав Хунко Фото: Patrick Doyle/The Canadian Press/AP

22 сентябр куни Канада парламентида «Галиция» СС дивизияси ветерани Ярослав Хунка Украина президенти Володимир Зеленский ва Канада бош вазири Жастин Трюдо иштирокида кутиб олинганиган кейин чиққан можаро авж олишда давом этмоқда. 25 сентябр, душанба куни Полшанинг Оттавадаги элчиси Витолд Дзелский ушбу воқеа юзасидан расмий узр сўралишини кутаётганини айтди

X ижтимоий тармоғида «Галиция» СС дивизияси (шунингдек, «Галичина» номи билан ҳам танилган) минглаб поляклар ва яҳудийларнинг ўлдирилиши учун жавобгар эканини эслатиб, Дзелский шундай таъкидлади: «Полша Украинанинг энг яхши иттифоқчиси бўлса-да, у ҳеч қачон бундай ёвуз одамларнинг оқланишига рози бўлмайди. Полшанинг Канададаги элчиси сифатида узр сўрашларини кутяпман». Полша дипломати ўз постига Украина президенти Володимир Зеленский, унинг рафиқаси Елена Зеленская ва Канада бош вазири Жастин Трюдо Канада парламентининг Жамоатлар палатасида (қуйи палата) Хункани олқишлагани акс этган фотосуратни қўшиб қўйган.

Канада парламентида Ярослав Хунканинг кутиб олиниши

22 сентябр куни Володимир Зеленский Канада парламентининг Жамоатлар палатасида нутқ сўзлади. Шундан сўнг палата спикери Энтони Рота сўз олиб, залда бўлган 98 ёшли Ярослав Хункага мурожаат қилди ва уни «Украина қаҳрамони, Канада қаҳрамони» деб атади ҳамда «хизматлари» учун миннатдорчилик билдирди. Бунга жавобан йиғилганлар Хункага ҳурмат сифатида ўрнидан туриб қарсак чалди. 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ярослав Хунка (исмининг украинча ёзилиши: Ярослав Гунко) нацистлар қўмондонлиги остида тузилган Украина кўнгилли ҳарбий бўлинмаси - «Галиция» СС дивизияси сафида хизмат қилган. Полша тарихчилари маълумотига кўра, 1944 йил 28 февралда «Галиция»нинг 4-полиция полки Украина ёрдамчи полицияси билан биргаликда Полшанинг Гута Пеняцка қишлоғи аҳолисини қириб ташлаган. 500 дан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлган. Нюрнберг трибуналининг қарорига кўра, СС аъзолари бўлган барча шахслар ҳарбий жиноятчилар ҳисобланади. 

Канада парламенти Жамоатлар палатаси спикери узр сўради

25 сентябр куни Энтони Рота Хунка таклиф этилгани билан боғлиқ воқеа учун узр сўради. «Кейинчалик мен бундай қароримдан афсусланишга сабаб бўлган қўшимча маълумотлардан хабардор бўлдим», дейилади унинг баёнотида. 

Шу билан бирга, Ротанинг таъкидлашича, Украина делегацияси ҳам, унинг ҳамкасблари ҳам унинг Хунка таклиф этилиши ва унга мурожаат мазмуни ҳақида олдиндан билмаган. 

Ўз навбатида, Жастин Трюдо бу ҳодисани Канада парламенти ва барча канадаликлар учун «жуда шармандали» деб атади, лекин Ротани истеъфога чиқишга чақирмади. 

Айни пайтда, Канаданинг иккита яҳудий ташкилоти - Саймон Визентал маркази дўстлари (FSWC) ҳамда яҳудийлар ва Исроил ишлари бўйича марказ (CIJA) Канада парламентида яҳудийларнинг геноцидида иштирок этган СС бўлинмаси ветерани кутиб олинганидан «чуқур хавотирда» эканини билдирди.

Полша собиқ бош вазири Беата Шидло ҳам ўз фикрларини билдирди. «Канада парламентидаги «Галиция» СС дивизияси ветерани - каттароқ муаммонинг бир қисми. Канадалик сиёсатчилар, гарчи бу улар ҳақида салбий тасаввур уйғотса ҳам, кимни олқишлаётганини билмаган бўлиши мумкин. Лекин Украина президенти 98 ёшли «Украина қаҳрамони» Иккинчи жаҳон уруши пайтида қилган ишларидан хабардор бўлмаганми?» - дея савол билан чиқди у X ижтимоий тармоғида.

«Сўнгги ойларда украиналиклар Россияга қарши мардонавор курашди ва уларда янги қаҳрамонлар пайдо бўлди, шекилли. Умид қиламанки, украиналикларнинг ўзига хослиги қизил-қора анъаналар асосида қурилмайди», - дея қўшимча қилди сиёсатчи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид