Жаҳон | 19:17 / 30.09.2023
24409
9 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш қачон тугайди? У тугаса, ҳаммаси аввалгидек жойига тушадими?

Кўпчилик инсонлар деярли ҳар куни Россиянинг Украинага босқинига «қанийди, ҳаммаси тезроқ тугаса эди» ёки «қачон тугаркин-а бу уруш» деб муносабат билдиради.

Запорижжя фронтидаги украин ҳарбийси / Фото: Reuters / Scanpix / LETA

Кимларнингдир украинларга раҳми келади, уларнинг ҳаётига Россия армияси таҳдид қилишни бас этиши, миллионлаб қочқинлар ўз уйларига қайтишини истайди. Бошқа бирлар эса Россия ҳукумати уларнинг яқинларини урушга жўнатиши мумкинлигидан хавотирда. Учинчи томон ўзлари урушгача яшаб, кўникиб қолган «нормал ҳаёт»ни қўмсайди.

Хўш, «нормал ҳаёт» қайтадими? «Буларнинг барчаси» нима билан тугаши мумкин? Қачон тугаши мумкин? Бу саволларга «Медуза» нашри жавоб излади.

«Тезроқ тугаса эди»

Россиянинг Украинага қарши уруши аллақачон «узоққа чўзилади» деб баҳоланмоқда, лекин бу спорт мусобақаси эмаски, унда аниқ бир ғолиб томон бўлса ва ғолибга ютуқ баллари қўйиб борилса.

Украинанинг қарши ҳужуми имиллаганча давом этмоқда, Украина қуролли кучлари муҳим аҳоли пунктларини ёки қақшаткич жанглар туфайли улардан қолган вайроналарни эгаллашга уринмоқда. Уруш Россия ҳудудига ҳам кўчган, Россиянинг Европа қисмида ундан кўз юмиб бўлмаяпти, пилотсиз учар қурилмалар кунора ҳужум ёғдирмоқда, ҳаттоки Москвагача учиб келмоқда. Россия армияси Украинанинг фронт чизиғидан йироқдаги Киев, Одесса ва бошқа областларига ракета ёғдирмоқда ва ҳар куни инсонлар ўлмоқда. Россия ҳамон Украинанинг 20 фоиз ҳудудини оккупация остида ушлаб турибди.

Бу орада Украинани ғарб давлатлари томонидан қўллаш даражаси сусаймоқда, гарчи Украина ҚКга қурол-яроғ етказиб бериш тинмаётган, етказиш Зеленский маъмурияти истаётганидан пастроқ суръатларда амалга оширилаётган бўлса ҳам. Россия ҳам бошқа давлатлардаги ҳамкорлари орасидан санкцияларга чап бериб қурол-яроғ сотиб олишга уринмоқда.

Россия ҳукумати урушни қанча зарур бўлса шунча давом эттиришга тайёр. 2024 йилги мудофаа бюджети 11 триллион рублдан ошиқ белгиланди — бу эса кенг кўламли урушгача бўлган даврдан уч баробар кўпроқ. Ижтимоий харажатлар оширилмаяпти, бошқа давлатлар санкциялар жорий этишда давом этишмоқда, янги оммавий сафарбарлик тўлқини эҳтимоли пайдо бўлган — табиийки, кўпчилик «буларнинг барчаси тезроқ тугаши»ни истайди.

Бу «ниҳоят тугагач», ҳаммаси «аввалгидек» бўладими?

Йўқ. Бундан умид ҳам қилмаслик керак.

Урушда аллақачон ўн минглаб (агар юз минглаб бўлмаса) россиялик эркаклар ўлган, ярадорларнинг сони эса ҳозирча номаълум. Буларнинг барчаси Россия жамиятида ўз акси садосини беради. Келинг, айрим сценарийларни кўриб чиқайлик.

Статистикага кўра, уруш тугагач зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар даражаси (биринчи навбатда қотилликлар сони) ўса бошлайди. Урушда иштирок этганлар орасида ўз жонига қасд қилиш, мамлакат бўйлаб алкогол истеъмол қилиш даражаси ҳам кўпаяди. Уруш одамларда зўравонликка кўникиш пайдо қилади ва бу урушда ютган ва ютқазган давлатда бирдек рўй беради. Буларнинг барчаси ҳарбийларда кузатиладиган жароҳатдан кейинги руҳият бузилиши деб аталадиган руҳий жараён билан боғлиқ бўлиб, аксарият ҳолларда депрессия ва бошқа руҳий касалликлар кўринишидан намоён бўлади. Уни махсус реабилитация дастурлари ёрдамида даволаш мумкин, бироқ бундай ишлар Россияда давлат даражасида ҳеч қачон олиб борилмаган.

Босқин тугагач, болалар туғилиши камайиб, ўлим сони ошиб бориши тахмин қилинмоқда. Бундай ҳол юз беришига бир нечта сабаб бор: эркаклар ўлиб кетади, санкциялар туфайли турмуш даражаси пасаяди, оилалар боқа олмасликдан чўчиб, фарзанд кўришдан воз кечишади, аҳоли эса қаришда давом этади.

Россия оммавий иммиграция туфайли иқтисодий ва маданий нуқтайи назардан нималарни йўқотганини ҳозирча баҳолаб бўлмайди. Лекин қўшимча қиймат яратиши мумкин жуда кўплаб билимли инсонлар мамлакатни тарк этгани – факт. Уларни Россияга қайтариш ёки ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлади. Боз устига мамлакатни тарк этган «бош»ларнинг аксарияти борган давлатида мустаҳкамроқ жойлашишга, масалан, бизнес очишга интилмоқда.

«Яхши» прогнозларга кўра, урушлардан сўнг демократик давлатларда кўпинча ҳимояланмаган қатламлар учун нафақа миқдори ошади, таълим ва соғлиқни сақлашга харажатлар кўпайтирилади. Россияда ҳам айнан шундай ҳол юз берадими-йўқми, буни айтиш қийин. Шуниси аниқки, 24 февралгача бўлган ҳаёт ортиқ қайтиб келмайди.

«Буларнинг барчаси» тугайдими ўзи?

Буни ҳеч ким билмайди. Шуниси муҳимки, айрим россияликлар учун бир ярим йилдан буён давом этаётган уруш бошқалари учун ҳали умуман «бошлангани ҳам йўқ».

Ҳарбий ҳаракатлар таслим бўлиш ҳақида акт ёки ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзоланганидан сўнг формал жиҳатдан тугатилган, деб ҳисобланиши мумкин. Бироқ сўнгги бир асрда доим ҳам шундай бўлавермаяпти. Биринчидан, ҳеч ким уруш эълон қилмай қўйган: уруш ўрнига аскарлар «махсус ҳарбий амалиёт», «тинчликка мажбурлаш операциялари» ва ҳ.к.ларда ўлмоқда. Иккинчидан, ҳаттоки сулҳ шартномаси ҳам жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун кафолат бўла олмайди – уруш яна ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин.

Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши ҳокимият босқин аввалида ўз олдига қўйган барча сиёсий мақсадларга эришилганидан сўнг якунланишини тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ, Кремл ҳеч нарсага эриша олгани йўқ: армия керакли ҳудудларни эгаллай олмади, Украина жамияти синиш ўрнига баттар жипслашди, давлатчилиги эса йўқ бўлиб кетмасдан, ўз оёғида тура олди. Путиннинг истакларига қарши ўлароқ, НАТОнинг кенгайиши ҳам рўй берди, фақат (ҳозирча) Украина ҳисобига эмас, Швеция ва Финландия эвазига. Бу томондан олиб қараганда, Россия аллақачон ютқазиб бўлди, бироқ жанговар ҳаракатлар давом этмоқда ва сулҳ келишувига ҳали-вери эришиладиганга ўхшамаяпти.

Гап у ёки бу армиянинг фрондаги ютуқларида эмас. Гап можаронинг ҳар икки томони урушни қандай қабул қилишида. Зеленский учун уруш Украинанинг 1991 йилги чегаралари тиклангунга қадар давом этади ва бу аснода Путин билан музокаралар олиб бориш имконсиз. Россия президенти учун уруш у мамлакатни қанча муддатга бошқаришни истаса, шунча давом этади. Путин учун жанговар ҳаракатларни якунлаш ҳокимиятни йўқотиш билан тенг, шу сабабли бунга йўл қўймаслик учун у барча чораларни кўради.

Хавфли томони яна шундаки, Россия президенти ва унинг тарафдорлари кўп йиллардан буён «коллектив ғарб», «НАТО давлатлари», «АҚШ ва унинг сателлитлари», «бешинчи колонна», «ноанъанавий қадриятлар» билан курашиб келади. Улар сафарбарлик ҳолатида яшашга кўникиб қолишган ва бундан воз кечишлари жуда қийин. Хаёлотдаги «бегона»лар билан курашиш уларга ҳаётларидаги мақсад ва маънини доим ҳис қилдириб туради. Бундай ҳолатда уруш қачон тугашини англаш қийин.

Бу нарсалар янгиликларни аҳён-аҳёнда ўқиб турувчи ва бўлаётган воқеаларни мушоҳада қилувчиларга тааллуқли. «Ҳаммаси тезроқ тугаса эди», дейдиган инсонлар сиёсатдан холи инсонлардир: улар учун «буларнинг барчаси» қандайдир ўз-ўзидан тугаб битишини исташади ёки кимдир «бу нарсаларни» тугатиб бериши керак. Ҳаттоки уруш ва у кундалик ҳаётга олиб кирган ўзгаришлар уларга ёқмаса ҳам бирор эътироз билдиришмайди. Сиёсий мураккаб масалалардан ўзини олиб қочиш одати муҳимликда қатағонлар хавфидан кам эмас.

Шу сабабли кўпчилик учун уруш кетаётгани ва бўлмаётганининг мутлақо фарқи йўқ. Босқин улар учун шунчаки кундалик юмушлар билан шуғулланишда халақит бераётган «ёқимсиз фон» ва табиийки, улар «ҳаммаси тезроқ тугаши»ни исташади, ахир шу йўл билан улар «аввалгидек тинч яшаши мумкин». Бундай инсонлар сўнгги рус аскари Украина ерини тарк этса, Путин кетса ёки режим қандайдир ўзгаришларга дучор бўлса, ҳаммаси ўз ўрнига қайтишига ишонишади.

Лекин энди ҳеч қачон «аввалгидек» бўлмайди, бу уруш ҳеч қачон тугамаслигини билдиради. Буни англаш керак. Шу сабабли «буларнинг барчаси қачон тугаркан-а?» дейиш терапевтик эффектга эга холос. Бу – инсон келажак режаларини қуриш учун ишлатадиган хаёлий чегара. Эҳтимол, урушдан сўнг ҳаммаси у истаганидек яхши бўлиб кетмас, лекин нимадир ўзгаришига умид пайдо бўлади. Чунки даҳшат исканжасида ҳамда доимий сафарбарлик ҳолатида чексиз яшаш имконсиз.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид