Илм-фан учун фойда келтирадиган ақлларни далада кетмон чопишга ёки қурилишга сарф бўлишга мажбур қиладиган омил ҳам йўқчилик. Аммо Оноре де Балзакнинг «Даҳрийнинг ибодати» ҳикоясидаги Депленнинг илмга интилиши, тиббиёт борасидаги истеъдоди сақлаб қолинди. Йўқчилик чангалида қолган йигитга ёрдам қўллари чўзилди ва Деплен моҳир шифокор бўлиб етишди.

Сюжет:

Ҳамманинг тилига тушган, ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлган Деплен даҳрий эди. У умуман Худога ишонмас, унинг борлигини тан олмасди. Унинг дўсти ва яқин шогирди Бяншон бир куни устозини ибодатхонада кўриб қолади. Депленнинг даҳрийлигини ҳамма биларди. Ўзи буни ҳеч қачон инкор этган эмас. Бяншон устозидан ибодатхонада нима қилаётганини сўролмади. Орадан йиллар ўтиб сўрашга журъат этди. Деплен унга ибодатхонага бориш сабабини гапириб беради.

Бўлажак шифокор тиббиёт бўйича тайёрланиб юрган вақтлари жуда қийинчилик билан ҳаёт кечирар эди. Ҳар бир тийин пулини ўйлаб харжлашга, ҳар куни қотган нон ейишга, абгор кийим-бошда юришга мажбур эди. Ижара учун тўлашга пули қолмаган, кўчага ҳайдалиш арафасида турган чоғида Буржа исмли қўшни хонада яшовчи киши йигитчага ҳомийлик қилади.

Доплен ва Буржа бирга яшай бошлайди. Буржанинг ягона орзуси от ва сув ташийдиган бочка олиш эди. Бу учун у анчадан бери пул йиғарди. Шу пулларини ўйлаб ўтирмай Депленнинг ўқиши учун сарфлаб юборди. Буржа йигитчага пулдан ёрдам бериш билан бирга, унинг барча маиший юмушларинида бажарарди. Умуман олганда, чўридек хизматида бўларди. Унинг барча хизмати мутлақо беминнат эди.

Буржа кутган кунлар етиб келди. Деплен зўр шифокор бўлиб етишди. Тутинган отасига сув бочка ва от ҳам совға қилди. Аммо Буржа бирдан касал бўлиб қолди. Деплен унинг ҳаётини 2 йилга сақлаб қололди, бироқ касаллик ҳуруж қилиб, Буржа вафот этди. 

Деплен доим Буржанинг меҳнатларига яраша жавоб қайтаролмаганидан ўкинди. Тутунган отаси диндор эди. Биби Марямни қаттиқ севарди. Шу сабабдан ҳам йиллар давомида йилига тўрт марта ибодатхонага бориб, Буржа учун чин дилдан дуо қилишни одатга айлантирганди…

Таҳлил:

Депленда ҳам қашшоқлик сабаб орзуларига етолмаслик хавфи бор эди. Аммо тақдир унга «нажот фариштаси»ни юборди. Бу «фаришта»да на қанотлар, на ҳарир либос ва на олтин таёқча бор. Унда фақат соатига икки су* кира ҳақи бериш шарти билан ижарага олган аравачагина бор. Бу Буржа исмли Депленнинг халоскори фақат бир нарсани: сув ташийдиган бочка ва отни орзу қиларди. Буржа шу арзимас кўринган, аммо ўзи учун қадрли бўлган орзусидан Депленнинг келажаги учун кечди. Бир сўз билан айтганда, ёш талабага ҳомийлик қилди.