Жаҳон | 14:32 / 03.10.2023
3022
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда Россия автомобилларининг киришига тақиқ кучга кирди

Осло Украинадаги урушга жавоб сифатида Россияда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Норвегияга киришини тақиқлаганини маълум қилди. Қироллик Россия билан қуруқликда чегарага эга бўлган охирги давлат сифатида бундай тақиқни жорий қилди.

Фото: Juha Metso / EPA / ТАСС

Норвегияда 3 октябр, сешанба куни салонида тўққиз ёки ундан кам ўриндиқли Россияда рўйхатдан ўтган енгил автомобилларнинг киришига тақиқ кучга кирди. Чора шунингдек, оралиқ импортни тақиқлашни ҳам ўз ичига олади, дея тушунтирди Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги.

Чекловлар Россияда доимий яшовчи Европа Иттифоқи ва Норвегия фуқароларига тегишли транспорт воситаларига тааллуқли эмас. Чекловлар дипломатик транспорт ва халқаро ташкилотларга тегишли автомобилларга ҳам тегишли бўлмайди. Бундан ташқари, россияликлар, шунингдек, оилавий фавқулодда вазиятларда, масалан, дафн маросимига бориш зарурати туғилганда, Норвегиянинг Россия билан чегарасини автомобилда кесиб ўтиши мумкин.

Осло: Россиянинг Украинага қарши ноқонуний урушига жавоб

Норвегия ҳукумати веб-сайтидаги хабарда айтилишича, Осло Россиянинг Украинага қарши ноқонуний урушига жавоб сифатида Москвага нисбатан чеклов чораларини кучайтирмоқда ва шу каби санкцияларни жорий этган ЕИ мамлакатларига қўшилган.

Норвегия Россия рўйхатидан ўтган автомобилларнинг киришини тақиқлаган Россия билан қуруқликда чегарадош сўнгги давлатга айланди. Аввалроқ Эстония, Латвия, Литва, Финландия ва Полша Европа комиссиясининг тегишли тушунтиришига асосланиб, худди шундай қадам ташлаган эди. 2 октябр куни уларга Болгария ҳам қўшилди, у Шенген ҳудудидан ташқарида Европа комиссиясининг ушбу тавсиясини қўллаб-қувватлаган биринчи давлат бўлди.

Тақиқ қабул қилингандан сўнг Финландия Норвегия билан чегарада Россия автомобилларининг бу мамлакат орқали кириб келишини тўхтатиш учун кеча-ю кундуз назоратни жорий қилди. Россия ва Норвегия ўртасидаги чегара узунлиги тахминан 200 километрни ташкил қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид