Портлашдан энг кўп зарар кўрган «дом»лар. Уларда яшовчиларга бошқалардан кўра кўпроқ ёрдам зарур
Сергелида портлаш рўй берган омборга энг яқин жойлашган кўп қаватли уйларга жиддий зарар етган. Хонадонларнинг ички деворлари ёрилган, ички инфраструктураси ҳам таъмирга муҳтож. Kun.uz мухбирининг ҳудудда олиб борган кузатувлари кўра, портлашнинг илк кунларида фалокат эпицентри бўлган бу ҳудуд қидирув-қутқарув хизматлари томонидан ўраб олиниб, бегоналар яқинлаштирилмаган.
28 сентябр куни Сергели туманининг Қурувчилар даҳасида юз берган портлашда кўплаб турар жой мажмуалари ҳамда бино-иншоотлар жиддий зарар кўрди. Аммо портлаш юз берган омборга яқин жойлашган 35 ва 36-кўп қаватли уй бошқаларига қараганда кўпроқ зарарлангани маълум бўлди. Kun.uz мухбирининг ҳудуд бўйлаб олиб борган кузатувлари жараёнида маълум бўлишича, портлашнинг илк кунларида фалокат эпицентри бўлган бу ҳудуд қидирув-қутқарув хизматлари томонидан ўраб олинган. Бегона кишилар бу ерга қўйилмаган.
Хонадонида таъмирлаш кетаётганлардан бири уй инфратструктураси жиддий зарарланганини, шунингдек, уйни таъмирлашда ишчи кучи кам эканлигини қайд этди:
«Янги «ремонт» қилиб чиққан уйларимиз эди. Анча талафотлар кўрдик. Уйимиз эпицентрда жойлашгани учун аҳвол жуда қўрқинчли . Деворларимиз ёрилган, отиб юборган. Портлаш уйнинг инфраструктурасига жуда кучли таъсир қилган. Деворлар ўйнаб ётибди. Бу уйда болаларим билан яшашга қўрқаман. Ишчи кучи камроқ. Ишчиларни кўпайтириб, фаолиятни тезлаштириб беришса, биз ҳам ишимиздан қолиб кетмасдик», — дейди у.
Яна бир жабрланувчи эса уйидаги барча маиший техникалари ишдан чиққанлигини айтди:
«Бизнинг уйимизда соғ нарса қолмади. Музлатгичларимизга шиша синиқлари кириб қолган, телевизор, кир ювадиган машиналаримиз ёрилиб кетган. Уйимиз омборхона олди тарафида бўлгани учун энг катта зарар бизга бўлди. Ойна-эшик қўйиб беришди. Усталар барака топсин, ҳамма нарсани қилиб беришяпти», — дейди аёл.
Бошқа бир жабрланувчи аёл эса портлаш сабаб қизи ҳамон қўрқувда эканлигини таъкидлади:
«8 ёшли қизим кечқуруни билан қўрқиб чиқяпти. Қаттиқ қўрқиб кетганидан ҳатто «тақ» этган товуш эшитилса ҳам югуриб олдимизга келяпти. Ҳозир қариндошимизникида яшаяпмиз», — дейди жабрланувчи аёллардан бири.
Хонадонига жиддий зарар етган фуқаролардан бири уйнинг ички деворлари бир-биридан ажралиб кетгани, деворларда ёриқлар пайдо бўлганини айтиб, масъуллардан уйнинг яшашга яроқли эканлигига тезроқ аниқлик киритиш кераклигини, бунга жиддий ёндашиш кераклигини сўради:
«Уйнинг ички деворлари ажралиб кетган, ёриқлар пайдо бўлган. Экспертлар келиб уйни кўриб, «шпаклёвка» тортиб яшасаларинг бўлаверади, ҳеч нарса қилмайди деган гапни айтиб кетяпти. Бунақа қилиш керак эмас. Келиб туриб, ўша ёриқни очиб кўриши керак, ҳақиқатан ҳам зарар етганми, йўқми — шу нарсани аниқлаштириш лозим. Кейин ички таъмирлашни бошлаш керак» — дейди у.
У, шунингдек, ҳокимият номидан келган усталар фақат эшик-ром ўрнатиб кетаётганини айтди:
«Давлат томонидан берилган усталар фақат эшик-ромни ўрнатди. Бошқа усталарни чақираверинг деган гапни айтиб, майли, 1-2 халта «шпаклёвка», «ротбанд» берамиз деган гапни қилишди. Бу билан бир нима битиб қолмайди. Лекин майли ўзимиз қилиб олаверамиз, бироқ бу уйда яшаб бўладими, йўқми шуни текшириб айтиш керак», — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, портлашдан кейин Тошкент шаҳар ҳокими зарар кўрган хонадонлар ва ижтимоий объектларни таъмирлашни пойтахт туманларининг ҳокимликларига тақсимлаб берди.
Дастлабки маълумотлар талафот суммаси 5,5-6 млрд сўм эканини кўрсатди. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов зарар миқдори ўзгариши мумкинлиги ва унинг 10 млрд сўм атрофида бўлиши мумкинлигини билдирди.
Ҳидоятов Kun.uz’нинг нима сабабдан таъмирлаш-тиклаш харажатлари давлат ҳисобидан бўлаётгани ҳақидаги саволига: «Зарарни албатта МЧЖга тўлатамиз. Давлатнинг пули кўчада қолмаган» дея жавоб берди.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган адвокат Руслан Содиқов портлаш оқибатларини бартараф этиш бўйича харажатлар ва кўрилган зарарлар кейинчалик воқеада айбдор деб топилган шахслардан ундирилишини айтди. Адвокат омборни сотиб бўлса-да етказилган зарар қопланишини қайд этди.
Мавзуга оид
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
07:53 / 28.09.2024
Тиланчилик учун 10 ёшли ўғлидан фойдаланган эркак 10 суткага қамалди
19:41 / 27.09.2024
Сергелида автопойга уюштириб, пиёда ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 ойда озодликка чиқди
12:09 / 16.09.2024