14:33 / 03.03.2023
8824

Беларусда Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий 10 йилга қамалди

Беларус давлат айбловчиси Алес Беляцкийни 12 йил, «Весна» иши бўйича бошқа айбланувчиларга эса 9 йилдан 11 йилгача қамоқ жазосини сўради. 

Фото: AFP

3 март, жума куни тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий Минск суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари «контрабанда» ва «оммавий тадбирларни ташкил этиш ёки ўтказиш тартибини такроран бузиш» (Беларус Жиноят кодексининг 228-моддаси 4-қисми ва 342-моддаси 2-қисми) бўйича айбдор деб топилди.

Беляцкий билан бирга унинг ўринбосари ва айни пайтда Халқаро Инсон ҳуқуқлари федерацияси (FIDH) вице-президенти Валентин Стефанович, «Весна» ҳуқуқшуноси Владимир Лабкович ва инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси Дмитрий Соловёв «Весна» маркази иши бўйича сиртдан суд қилинди. Улар мос равишда тўққиз, етти ва саккиз йилга қамалди. 

Беляцкий суди жаҳон ҳамжамиятида кенг резонансга сабаб бўлди. Бир кун аввал 21 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, жумладан, Human Rights Watch ҳам Беларусда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ва қамоққа олинган барча ҳуқуқ ҳимоячилари билан бир қаторда судланувчиларни зудлик билан ва шартсиз озод қилишга чақирди. 

«Бизнинг тўрт нафар дўстимиз ва ҳамкоримиз иши бўйича прокуратуранинг позицияси Беларус ҳукуматининг қонунсизлигининг тимсолидир. Қамоқ жазолари ва жарималар, ҳатто чуқур бузилган Беларус адлия тизими стандартлари бўйича ҳам судланувчилар ва уларнинг оила аъзолари учун оғир синовдир, - деди «Весна» бошқаруви аъзоси Павел Сапелко. - Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан бу шармандали репрессия амалиёти асосий халқаро иштирокчилардан қатъий чоралар кўришни талаб қилади». 

9 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси Беляцкийни 12 йил, Стефановични 11 йил, Лабковични 9 йил ва Соловёвни 10 йил озодликдан маҳрум этишни сўради. Шунингдек, давлат айбловчиси судланувчиларнинг ҳар бирига 185 минг Беларус рубли (68 минг евро) миқдорида жарима солишни талаб қилди.

Алес Беляцкий, Валентин Стефанович ва Владимир Лабкович 2021 йил июлида ҳибсга олинган эди. Судда улар қафасда, қўллари кишанланган ҳолда эди. Беляцкий эшитувлар чоғида Беларусда ҳуқуқ фаолларига нисбатан узоқ муддатли таъқиблар сиёсий сабабларга кўра эканлигини таъкидлади. Нобел мукофоти совриндори Беларус Адлия вазирлиги «Весна»ни бир неча бор рўйхатдан ўтказишдан бош тортганини эслади. Айбланувчилар ўз айбларига иқрор бўлишмаган. 

Top