Жаҳон | 12:01 / 09.10.2023
4531
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Афғонистонга қутқарувчилар ва инсонпарварлик ёрдами юборади 

Яқин орада Қозоғистон томони ҳаво ва темирйўл орқали озиқ-овқат, чодир, дори-дармон ва кийим-кечак жўнатади.

Фото: Mohsen Karim/ AFP

Қозоғистон Афғонистонга қутқарувчилар ва инсонпарварлик ёрдами юборади. Бу ҳақда Zakon.kz нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Ҳирот вилоятида содир бўлган кучли зилзилалардан сўнг Афғонистонга Қозоғистондан қутқарувчилар ва ҳуманитар ёрдам юборилади.

Яқин орада Қозоғистон томони ҳаво ва темирйўл орқали озиқ-овқат, чодир, дори-дармон ва кийим-кечак жўнатади.

Афғонистондаги кучли зилзила оқибатида 2400 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Қутқарувчиларнинг тахминича, одамлар вайроналар остида қолаётгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкин.

7 октябр куни эрталаб Афғонистонда 6,2 магнитудали зилзила қайд этилди, унинг эпицентри 272 минг киши истиқомат қилувчи Ҳирот шаҳридан 42 км шимоли-ғарбда жойлашган. Зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда бўлган. Биринчи зилзиладан кейин 4,3 дан 6,3 баллгача бўлган яна бир неча силкинишлар содир бўлди. 

Ўтган йил июн ойида Афғонистонда 5,9 магнитудали зилзила содир бўлиб, мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид