«Автомобилга эгалик қилиш қиммат ва ноқулай бўлиши керак» — дейди блогер Никита Макаренко Тошкентдаги охири йўқ тирбандликлар ҳақида.

У тирбандликларни бартараф қилиш бўйича барча ечимлар мавжудлигини, фан томонидан исботланганини, жавоблар топилганини қайд этиб, бироқ пойтахтда ҳеч ким буни жорий этишга ҳаракат қилмаётганини таъкидлади. Макаренко бу борада энг оддий «йўл харитаси»ни ҳам келтиради:

  • кўчалар жамоат транспорти ҳамда пиёдаларга устуворлик берган ҳолда режалаштирилиши керак;
  • жамоат транспорти шахсий автомобилдан тезроқ бўлиши шарт;
  • шахсий автомобилга эгалик қилиш қиммат ва ноқулай бўлиши лозим.

Блогер буларнинг барчасини бир вақтда амалга ошириш керак деб ҳисоблайди. 

«Бири иккинчисига боғлиқ. Дастлабки иккитаси ҳақида мен ва бошқа журналистлар йиллар давомида ёзиб келяпмиз. Бироқ бундан ҳозирча наф йўқ. Учинчиси эса жуда кам муҳокама қилиняпти. Лекин бошлаш керак. Шаҳарсозликка замонавий ёндашув олдида шундай вазифа бор: автомобиль ҳашаматга айланиши керак. Бунинг учун дунёда турли усуллар қўлланилади. 

Асосан:

  • кўча ва ҳовлиларда ҳеч қандай бепул парковка йўқ — барча парковка қилиш мумкин бўлган жойлар рақамланган ва улар жуда қиммат туради;
  • шаҳарга кириш учун тўлов (масалан, Лондондаги каби);
  • автомобилни давлат рўйхатидан (қайта ўтказиш ҳам) ўтказиш ўта қиммат;
  • автомобилга эгалик учун тўғридан тўғри солиқ».

Макаренко Тошкентдаги тирбандликларни бартараф қилиш учун биринчи ва учинчи усулни қўллашни бошлаш кераклигини айтмоқда.

«Автотураргоҳ ҳуқуқ эмас, балки имтиёзга айланиши лозим. Автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш эса арзон бўлиши керак эмас, бу қиммат ва ўйлаб босилган қадам бўлиши лозим», — дейди блогер.

Kun.uz пойтахтдаги тирбандлик муаммоси, унинг ечимлари ҳақида қатор мақолалар, мутахассислар билан суҳбатлар эълон қилган. Шаҳарсоз Искандар Солиев Kun.uz билан суҳбатда шаҳар ичида йўл ўтказгичлар, эстакадаларга эҳтиёж йўқлигини, муаммоларни чорраҳаларда светофорлар билан ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаганди.