Ўзбекистон | 19:38 / 13.10.2023
15023
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Бишкекдаги мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон президенти мавжуд имкониятларни биргаликда баҳолаш ва ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш учун МДҲдек ноёб платформани ишга солиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш таклиф қилинди.

«Бизнинг учрашувимиз глобал геосиёсий кескинлик кучаяётган бир шароитда ўтмоқда. Барча ҳамкасбларим ўз чиқишларида олдимизда турган умумий таҳдид ва хавф-хатарларни қайд қилиб ўтдилар.

Минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг оқибатлари барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундай вазиятда биз МДҲ бўйича шерикларимиз билан ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излашда давом этамиз.

Гап, аввало, муқобил савдо-логистика йўналишларини шакллантириш, қўшилган қийматнинг қисқа ва янада самарали занжирларини яратиш, мамлакатларимиз иқтисодиётидаги бир-бирини тўлдирадиган захиралардан имкон қадар юқори даражада фойдаланиш, бизнес алоқаларини рағбатлантириш ҳақида бормоқда.

Биз пайдо бўладиган хавф-хатарларни биргаликда баҳолаш, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт қарорларни қабул қилиш учун МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ноёб платформаси тўлиқ ишга солинишидан манфаатдормиз.

Шу муносабат билан Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли янги кун тартибини ишлаб чиқиш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари иштирокида конференция ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламан», деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимиз етакчиси Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан тегишли шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

«Жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми атиги 5 фоизга ошди. Шу билан бирга, ўсиш суръатларининг секинлашиш тенденцияси кузатилмоқда.

Юқори даражадаги экспертларимиз учрашувлари натижалари тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар мавжудлигидан далолат беради.

Биз қуйидагиларни таклиф этамиз:

биринчидан, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг товарларни олиб қўйишга доир қоидаларини қайта кўриб чиқиш.

Шартнома имзоланганидан буён етарлича вақт ўтди ҳамда ушбу ҳужжатни бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз билан тўлиқ мувофиқлаштириш вақти келди;

иккинчидан, импорт ўрнини босишга қаратилган миллий дастурларни ўзаро уйғунлаштириш;

учинчидан, давлат харидлари бозорига имтиёзли кириш ҳуқуқини ўзаро келишув асосида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқиш;

тўртинчидан, қўшма улгуржи тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилиш;

бешинчидан, электрон савдони ривожлантиришни, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш йўли билан рағбатлантириш», деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашда мавжуд механизмларни самарали ишга солишга чақирди ва уни рағбатлантиришнинг янги воситаларини таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбари ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Энергетика ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида илғор технологияларни жорий этиш ва кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янгиланган дастурни ҳамда Агросаноат мажмуидаги кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш таклиф қилинди. 

Ўзбекистон етакчиси ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрсатиб ўтди.

«Яна бир устувор вазифа – Ҳамдўстлик давлатларида истеъмолчиларни юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.

Шу муносабат билан агросаноат комплекслари, логистика ва “экспресс” коридорларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тармоқни технологик модернизация қилиш ва  тизимли илм-фан алмашинуви масалаларини ҳал этиш талаб этилади.

Амалдаги тармоқ кенгаши доирасида Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янгиланган ҳамкорлик дастурини ва Агросаноат секторида кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлашни таклиф қиламиз.

Ҳудудлараро ҳамкорлик жуда катта имкониятга эга экани таъкидлаб ўтмоқчиман. Бундай шерикликни қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, жумладан, ҳудудларнинг биринчи Форумини, кўргазма ва ярмаркаларни ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташрифларини ўтказиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Транспорт соҳасида қуйидаги имкониятларни яратиш тарафдоримиз:

- транспортнинг барча турларида мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт коридорларини ривожлантириш;

- асосий минтақавий коридорлар орқали юкларни ташишда бизнес учун жозибадор шартларни шакллантириш;

- йўловчи ва юк ташишда бошқариш жараёнларини ва кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш;

- транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш», деди президент.

Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Келгуси йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Гуманитар соҳа ҳақида сўз юритилар экан, 2024 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида МДҲ маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.

Шунингдек, келгуси йилда МДҲнинг ёшлар пойтахти мақомини олган Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан футбол мусобақаси бўлиб ўтади.

Мамлакатимиз етакчиси ўз сўзида таълим соҳасида ва сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш борасида ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Нутқининг сўнгида Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Президентини 2024 йилда Ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.

Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.

Мавзуга оид