Ўзбекистон | 21:51 / 14.10.2023
16450
10 дақиқада ўқилади

Болага зўравонликнинг 6 тури, ҳимоя ордери ва бошқалар: янги қонун лойиҳасида нималар кўзда тутилган?

Тарбия ва таълим беришда жисмоний жазо қўллаш тақиқланиши кутилмоқда. Зўравонликка учраган болалар 24 соат ичида ҳимоя ордери олиши мумкин бўлади. Зўравонлар тузатиш дастурларига жалб қилинади. Болаларга жинсий тажовуз қилганларнинг ҳуқуқлари чекланади.

Фото: Depositphotos

12 октябр куни “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳа Адлия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва UNICEF ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Kun.uz лойиҳанинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.

Ҳужжатда болаларга нисбатан зўравонликларнинг турлари – жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабиларга таъриф берилган. Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини содир этиш тақиқланади ҳамда қонунга биноан таъқиб қилинади.

Буллинг деганда – бир гуруҳ болалар ёки бир боланинг бошқа болага ёки болаларга нисбатан, хусусан, зўравонлик қурбонига нисбатан ҳақоратли лақаблардан фойдаланиш, у билан ҳар қандай мулоқотни чеклаб қўйиш (бойкот қилиш), унинг мол-мулкини қўлга киритиш ва (ёки) зарар етказиш, унинг ўзига хос жисмоний, психологик ёки интеллектуал хусусиятларини оммавий муҳокама қилиш, шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки соғлиғи ва ҳаётига зиён етказишда ифодаланган, шу жумладан телекоммуникация тармоқлари ва интернет орқали амалга ошириладиган муттасил психологик ва (ёки) жисмоний тажовузкор ҳаракат тушунилади.

Лойиҳада соҳадаги ваколатли орган сифатида президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари кўрсатилган.

Зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояга эга бўлиш;
  • ўзига нисбатан зўравонлик содир этилгани, таҳдид қилингани юзасидан ариза бериш ёки судга мурожаат этиш;
  • барча турдаги бепул тақдим этиладиган маслаҳатлардан фойдаланиш;
  • ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш;
  • содир этилган зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилиши мумкин.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.

Зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятига қуйидаги давлат органлари ва ташкилотлари бевосита масъулдир: ҳукумат, Болалар омбудсмани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги; прокуратура органлари, ички ишлар органлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги; маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқалар.

Лойиҳада кўрсатилишича, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилади. Миллий комиссиянинг соҳага доир ўнлаб ваколатлари бор. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда қуйидаги чора-тадбирлар кўрилади:

  • ҳимоя ордерини бериш;
  • зўравонликдан жабрланувчи ва шундай хавф остидаги бола учун ёрдам;
  • жабрланувчининг оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш;
  • болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш;
  • зўравонлик хулқини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш;
  • жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • зўравонлик қурбонининг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;
  • зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг бевосита аниқланиши;
  • ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқлар хабарлари;
  • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш мақсадларида бутун Ўзбекистон ҳудудида тун-у кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлайди. Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади.

Қонун лойиҳасига кўра, қуйидагилар зўравонлик хавфи остидаги болалар деб ҳисобланади:

  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;
  • ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ёхуд таъминлаш, тарбиялаш талабларига жавоб бермайдиган шароитдагилар;
  • ота-онаси яшаш жойи бўйича вақтинча бўлмаганда ёки уларнинг ота-оналик мажбуриятини вақтинча бажара олмаслиги даврида васий ёки ҳомий тайинланмаганлар;
  • назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар, ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлганлар, ногиронлиги бўлганлар;
  • отаси ёки онаси руҳий касалликлар диспансери ёхуд наркология муассасаларида ҳисобда турганлар;
  • ота-онасига ёки улардан бирига қамоққа олиш, озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланганлар;
  • отаси ёки онаси ЖК ва МЖтКнинг белгиланган айрим моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлар;
  • ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этганлар, фоҳишалик билан шуғулланаётганлар ва ваколатли орган томонидан аниқланадиган бошқа тоифадаги болалар.

Агар бу қонун қабул қилиниб, кучга кирса, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи органлар, барча давлат ташкилотлари, судлар, жисмоний ва юридик шахслар зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болалар ҳақидаги фактлар аниқланган тақдирда Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва ИИОга дарҳол хабар қилиши шарт бўлади. Ички ишлар органлари эса зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўради, бу ҳақда агентликка хабар беради.

Ҳимоя ордери

Ҳимоя ордери ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади. Зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Агентлик ҳолат юзасидан маълумотлар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида вазиятни баҳолаб, натижасига кўра ҳимоя ордерини беради ёки рад этади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатгача берилади ва бу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, унинг амал қилиш муддати ЖИБ суд томонидан кўпи билан 1 йилгача муддатга узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:

  • тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
  • зўравонлик содир этган шахснинг зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш;
  • жабрланувчи ҳамда зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада ёки транспорт воситасида бирга бўлишини тақиқлаш;
  • зўравонлик содир этган шахснинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши даврида чеклаш ёки бошқалар.

Шунингдек, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда, суд бошқа чекловларни ҳам қўллашга ҳақли.

Ҳимоя ордерига зўравонлик содир этган шахс томонидан зўравонликдан жабрланувчини даволаш харажатлари, етказилган моддий зарар ва маънавий зиён ўрнини қоплаш мажбурияти ҳам киритилади.

Ҳимоя ордерини бериш вақтида жиноят аломатлари аниқланса, материаллар бир вақтнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Жинсий зўравонликлар

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда қўлланган жазоси ёки бошқа ҳолатлардан (амнистия, афв) қатъи назар, жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.

Бундай шахсларнинг реестри юритилади, улар реестрда бўлган даврда ички ишлар органлари томонидан профилактик ҳисобга олинади. Реестрга киритилган шахслар яшаш жойи ва иш жойини ўзгартирганда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига хабар беришлари шарт.

Тарбия беришда жисмоний жазо тақиқланади

Қонун лойиҳасининг 42-моддасига кўра, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ҳам бир қанча масъулиятлар юклатилган.

Хусусан, улар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, болага ўз бурчлари, ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни тушунтириши керак.

Болаларни порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи ахборотдан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Шунингдек, ота-она ёки унинг ўрнини босувчилар болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаши тақиқланади.

Шунингдек, таълим муассасаларида ҳам интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмайди.

Боланинг ҳаёти ва соғлиғи бевосита хавф остида қолганда ваколатли орган болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олишга ҳақли деб белгиланиши мумкин.

Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларни зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурига жалб қилиш таклиф этилмоқда.

Фуқаролар қонун лойиҳаси билан тўлиқ тарзда норматив ҳужжатлар муҳокамаси порталида танишиб чиқиб, ўз таклифларини бериши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамаси 27 октябрга қадар давом этади. Шундан кейин лойиҳа парламент томонидан кўриб чиқилади.

Мавзуга оид