Жаҳон | 21:39 / 18.10.2023
21242
9 дақиқада ўқилади

Рафаҳ пункти нима, у Ғазо сектори учун нимаси билан муҳим ва у нега очилмаяпти?

Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида тўпланган фаластинликлар

Ғазо секторидаги фаластинликлар Исроил армиясининг ҲАМАСга қарши бошлаши кутилаётган қуруқлик амалиётидан қочиш умидида ўтган ҳафта охиридан буён Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида кутишмоқда.

Америка нашрлари у Ғазодаги қўшфуқароликка эга шахслар чиқиши ва қарама-қарши йўналишда инсонпарварлик ёрдами юбориш учун очилиши ҳақида хабар қилишган, аммо ҳозиргача бу рўй бермаяпти.

Ўтган ҳафта шанба кунидан буён ўтказиш пункти исталган вақтда қисқа муддатга очилиши мумкинлиги ҳақида мунтазам хабарлар тарқалиб турибди, Ғазодаги хорижликлар ва икки мамлакат фуқаролигига эга одамлар тайёр туришга чақирилмоқда.

Аммо 17 октябр кунига келиб ҳам у ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти ўзи нима?

Бу Ғазо секторининг энг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, бу ердан Мисрнинг Синай яриморолига ўтиш мумкин.

Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти – Ғазодаги Исроил томонидан назорат қилинмайдиган ягона чегара-ўтказиш пункти ҳисобланади. Унинг хавфсизлиги ва кириш режимини бир томондан мисрлик чегарачилар, иккинчи томондан ҲАМАС кучлари амалга оширади.

Ғазо секторидан чиқишда яна иккита назорат-ўтказиш пункти мавжуд: шимолда Исроил билан чегарадаги Эрез пиёда назорат-ўтказиш пункти ҳамда Исроил, Ғазо ва Миср чегаралари кесишган жойдаги Керем Шалом НЎП, ундан юк транспорти ўтказиш учун фойдаланилади.

Ҳозирда улар ҳам ёпилган.

Рафаҳ пунктининг ҳозирги аҳамияти нимада?

Чегаранинг Миср томонида инсонпарварлик ёрдамлари ортилган ўнлаб юк машиналар кутиб турибди
Фото: ANADOLU AGENCY

Ғазо секторини бошқарадиган ҲАМАС гуруҳи аъзолари 7 октябр куни Исроил жанубига мисли кўрилмаган ҳужум доирасида анклав шимолидаги Эрез назорат-ўтказиш пунктига ҳам босқин уюштирганди.

Шундан кейин Исроил ҳукумати Эрез кейинги хабарномага қадар ёпиқ қолишини маълум қилди ва Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти Ғазога кириш ёки уни тарк этиш учун ягона йўл бўлиб қолди.

Шунингдек, Рафаҳ Ғазога инсонпарварлик ёрдами кириши мумкин бўлган ягона жой ҳамдир.

Ўтган ҳафтада Миср ТИВ Ғазо сектори учун халқаро инсонпарварлик ёрдами рейслари Синай шимолидаги Ал-Ариш аэропортига йўналтирилаётгани, бу ердан маҳсулотлар автомобил транспортлари орқали Ғазога етказилишини маълум қилганди. Ҳозирда назорат-ўтказиш пунктининг Миср томонида ёнилғи ва инсонпарварлик юклари юкланган ўнлаб юк машиналари секторга киришга рухсат бўлишини кутиб туришибди.

Назорат-ўтказиш пунктида нималар бўлмоқда?

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейинги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Рафаҳдаги вазият ҳақида бир-бирига мос келмайдиган турлича маълумотлар келиб турди. Яқин вақтгача одамлар ва юкларни ўтказиш устидан назорат Миср ҳукумати ва ҲАМАС томонидан амалга оширилган, аммо Исроил томонидан авиазарба берилиши бошланиши белгиланган тартибни издан чиқарган.

Мисрдаги нашрлар назорат-ўтказиш пункти исроилликларнинг 9 ва 10 октябр кунлари ушбу ҳудуд бўйлаб уч марта авиазарба йўллагани, бунинг оқибатида чегаранинг Миср томонида ҳам, Фаластин томонида ҳам одамлар яралангани ҳақида хабар қилди.

12 октябр куни Миср ҳукумати Исроилга Рафаҳ НЎП ғазоликлар учун «ҳаёт йўли» бўлиб хизмат қилиши учун унинг атрофига авиазарбалар йўллашни бас қилишни сўраб мурожаат қилди ва Исроил томонидан ўз ходимлари хавфсизлиги учун кафолат олмагунича ўтиш жойини очмаслигини билдирди.

Ғарб давлатлари ҳам музокараларда қатнашиб, НЎП ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин сектор ҳудудида қолиб кетган хорижликлар ва икки мамлакат фуқаролигига эга бўлганлар учун бўлса ҳам очилиши учун ҳаракат қилмоқда.

Улар шунингдек секторга инсонпарварлик ёрдами етиб бориши учун ўтиш йўли очилишидан умид қилмоқда.

Миср ҳукумати Рафаҳ НЎП очиладиган бўлса, ҲАМАСнинг радикал аъзолари (Миср ҳукумати кўп йиллардан буён қарши курашиб келадиган «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг Фаластиндаги филиали сифатида қаралади) ҳам мамлакат ҳудудига кириб келиши мумкинлигидан хавотирланиб, секторни фақат хорижий давлат паспортига эга бўлганлар тарк этиши мумкинлигини айтмоқда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ва унинг америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен Исроил, Миср ва минтақадаги бошқа етакчи сиёсий кучлар билан назорат-ўтказиш пунктини очиш устида иш олиб бораётганини маълум қилган.

Ўтган ҳафтада АҚШ давлат департаменти вакили сектор ҳудудидаги Америка фуқароларини Рафаҳгача етиб келишга чақирди, чунки ўтиш йўли очилса ҳам бу ҳақда олдиндан огоҳлантириш берилмаслиги ва фақат чекланган муддатга очиқ бўлиши мумкин.

Рафаҳ пункти очилган тақдирда ҳам ундан фақат хорижий мамлакат фуқаролигига эга бўлганлар ўтиши мумкин

Бу хабардан кейин Ғазо аҳолиси уларни ҳам ўтказишларидан умид қилган ҳолда Рафаҳ томон йўл олди.

Душанба куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти қисқа муддатга очилиши мумкинлиги тўғрисида ҳам хабар тарқалди, аммо бу хабар тезда Исроил томонидан ҳам, ҲАМАС томонидан ҳам рад этилди.

Рафаҳ нега очилмаяпти?

Қўшфуқароликка эга фаластинликлар Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти олдиндан огоҳлантириш берилмасдан, исталган паллада очилиши ва тезда ёпилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Фото: EPA

Иcроил ҲАМАС жангарилари Ғазодан чиқиб кетишини истамайди ва секторга кирувчи барча юк машиналар қурол-яроғ бор-йўқлигини аниқлаш учун синчиклаб текширилишини талаб қилади.

Миср, гарчи бошқа давлатлар билан хориж паспортларига эга одамлар чиқиши масаласини муҳокама қилишга тайёр бўлса-да, фаластинликларнинг ўз ҳудудига ёппасига ўтишидан манфаатдор эмаслиги аниқ, шунинг учун барча хоҳловчилар учун чегараларини очиб юбориши даргумон.

Шу билан бирга, «Ал-Қоида»га алоқадор ва Синай яриморолида мустаҳкам ўрнашиб олган радикал гуруҳлар билан боғлиқ муаммолар аримаётган маҳалда, Қоҳира мамлакатга фаластинлик жангарилар ҳам кириб келишидан чўчимоқда.

Миср ҳукумати Ғазодан одамлар оқими ўз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан чўчимоқда. Фото: AFP

Рафаҳ ўтиш жойидан ким ва қандай фойдаланган?

Уруш бошланишидан олдин ҳам Ғазо секторини Рафаҳ орқали тарк этиш осон иш эмасди.

Ундан фойдаланишни истаган фаластинликлар Ғазо ИИВга (анклавдаги барча ҳокимият органлари қатори у ҳам ҲАМАС томонидан назорат қилинади) сафардан икки-тўрт ҳафта олдин ариза билан мурожаат қилиши, шунингдек, Мисрдан ҳам рухсат олиши талаб этиларди, лекин сўров ҳеч қандай изоҳ берилмасдан ҳам Фаластин, ҳам Миср ҳукумати томонидан рад этилиши мумкин эди.

БМТ маълумотига кўра, 2023 йил августида Миср ҳукумати мамлакатга Ғазодан кириб келиш учун 19608 кишига рухсат берган, 314 кишининг сўрови рад этилган.

***

Яқин Шарқдаги урушнинг 12-куни. Сўнгги маълумотлар:

  • Жо Байден Исроилда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда АҚШ президенти Ал-Аҳли шифохонасидаги портлаш учун жавобгарлик, афтидан «бошқа жамоа зиммасида» эканини айтди. Бунгача ҲАМАС ушбу зарбада Исроил мудофаа армиясини айблаганди. 
  • Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Ал-Аҳли шифохонасидаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 471 киши бўлгани, 314 киши жароҳатлангани, шундан 28 киши оғир аҳволда эканини маълум қилган. Исроил авиазарбалари бошланганидан буён ҳалок бўлганлар сони 3300 нафарга етган, 13000 киши яраланган. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми қурбонлари сони 1400 кишига етган, яна 4200 киши яраланган. 
  • АҚШ президенти маъмурияти ҲАМАС билан алоқадор тўққиз жисмоний шахс ва битта ташкилотга нисбатан янги санкциялар қўллади.
  • Исроилнинг «Едиот ахронот» нашри хабарига кўра, Исроил ҳукумати Работ (Марокаш) ва Қоҳирадаги (Миср) элчихоналари ходимларини эвакуация қилган. Бундай қарор 17 октябр куни кечқурун ушбу шаҳарларда бўлиб ўтган намойишлар туфайли қабул қилинган.
  • ЦАҲАЛ яна бир бор Ливан билан чегарадаги ҳарбий постлари ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди. Исроил армияси жавобан ўт очган. Исроил вазирлар маҳкамаси мудофаа вазири Йоав Галантга мамлакат шимолидаги аҳоли яшаш пунктларини эвакуация қилишга буйруқ беришга рухсат берган. 

Мавзуга оид