Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу америкаликлар президентини самолёт трапида шахсан кутиб олди.
Байденнинг самолёти ҳали ҳаводалигида унинг ташрифи жадвали ўзгартирилди: Ғазодаги шифохонага йўлланган тунги зарбадан кейин Иордания ҳукумати Оқ уй раҳбари, Миср президенти, Фаластин мухторияти раҳбари ва Иордания қироли иштирокида 18 октябр кунига белгиланган тўрт томонлама саммитни бекор қилди.
«Энди урушни тўхтатишдан бошқа нарса ҳақида гаплашишдан маъно йўқ», — деди Иордания ТИВ раҳбари Айман Сафадий саммит бекор қилинишини айтаркан.
Байденнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби президент Исроил учун оғир паллада ўз иттифоқчиси олдига бормаслиги мумкин бўлмагани ҳақида гапирди.
Шу билан бирга, Кирбининг сўзларига кўра, Оқ уй раҳбари дўст сифатида келган бўлса ҳам, у Исроил раҳбариятига қатор қийин саволлар, хусусан Ғазодаги амалиёт ва тинч фаластинликлар бўйича саволларни бермоқчилигини айтган.
BBC’нинг АҚШ давлат департаментидаги мухбири Барбара Плетт-Ашернинг қайд этишича, шифохонадаги ҳодиса —Исроилга бориб, Оманда араб давлатлари етакчилари билан мулоқот ўтказишни режалаштирган америкаликлар президенти учун эҳтимолий сценарийлардан энг ёмони бўлди.
Ал-Аҳли шифохонасидаги портлашда ким айбдор?
Бинямин Нетаняҳу билан бирга қўшма матбуот анжумани вақтида АҚШ президенти Жо Байден Ғазодаги шифохонага берилган зарба бўйича Исроилнинг версиясини қўллаб-қувватлаган.

«Кеча Ғазодаги шифохонада рўй берган портлашдан чуқур қайғудаман ва ғазабландим, — деди Байден Нетаняҳунинг ёнида туриб. — Кўрганларимга асосланиб айтишим мумкинки, буни сиз эмас, бошқа жамоа қилганга ўхшайди. Аммо бунга ишонмайдиган одамлар кўп. Демак, биз ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп».
Аввалроқ Исроил ҳодиса бўйича текшируви натижаларини тақдим этганди, унга кўра, ЦАҲАЛ бу зарбага алоқадор эмаслиги, шифохона ҳудудига қулаган ракета эса фаластинликларнинг «Ислом жиҳоди» гуруҳи томонидан учирилгани маълум қилинганди. Ғазодагилар эса шифохонага исроиллик ҳарбийлар авиазарба йўллаганини айтган.
















