Яқин Шарқ можароси: БМТ ХК Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди, АҚШ эса «гуманитар танаффус» таклиф қилмоқда
Сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашида вакиллари иштирок этган давлатларнинг аксарияти Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
АҚШ ва ғарбдаги қатор бошқа мамлакатлар, шу жумладан Австралия ва Канада халқаро ташкилотлар ёки араб давлатлари етакчиларидан фарқли ўлароқ ўт очишни тўхтатишга тўғридан тўғри чорлашдан тийилди.
Қўшма Штатлар бунинг ўрнига анклавга инсонпарварлик юклари етиб боришини таъминлаш ҳамда маҳаллий аҳолининг хавфдан қочишига имкон бериш учун «гуманитар танаффус» олишни сўради.
«Исроил тинч аҳолига зарар етказмаслик учун мумкин бўлган барча эҳтиёт чораларини кўриши керак», — деган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен БМТ Хавфсизлик кенгашини АҚШнинг можарони ҳал этиш бўйича янги резолюциясини қўллаб-қувватлашга чақириб.
«Менда террорчи ташкилот халқаро ҳуқуққа ҳурмат кўрсатиши ёки ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ҳар қандай чақириқларини кутишга асос йўқ», — деган Канада мудофаа вазири Билл Блэр.
«Тўғрисини айтсам, ҲАМАС нафақат Исроил, балки бутун дунё учун таҳдид сифатида йўқ қилиниши даркор», — дея қўшимча қилган вазир.
Россия эса ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга чақирган.
«Бутун дунё Хавфсизлик кенгаши зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз ўт очишни тўхтатишга чақиришини кутмоқда», — деган Россиянинг БМТ ХКдаги вакили Василий Небензя.
Араб мамлакатлари Ғазо секторида кузатилаётган гуманитар фалокат фонида Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича чақириқни қатъий қўллаб-қувватлади.
«Биз Кенгаш икки марта резолюцияни қабул қила олмагани ва бу урушга якун ясаш учун сулҳ тузишга чақирмаганини афсус билан кузатдик», — деган Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий.
Иордания ТИВ Айман Сафади Хавфсизлик кенгашидан «икки миллиард араб ва мусулмонларни халқаро ҳуқуқ ҳурмат қилинишига ишонтириш учун аниқ позицияни эгаллаш»ни талаб қилган.
Reuters агентлиги ёзишича, Эроннинг БМТ қошидаги махсус вакили Амир Саид Ираваний АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен хатолик билан Эронни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда айблашга уринаётганини айтган.
«Минтақавий тинчлик ва барқарорлик тарафдори бўлишдан оғишмаймиз, — дея қайд этган у. — АҚШ очиқдан очиқ тажовузкорга қўшилиб, Фаластиннинг бегуноҳ аҳолиси ҳисобига можарони янада чуқурлаштирди».
Оқ уй АҚШ президенти Жо Байден ва Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон телефон мулоқоти ўтказиб, «бутун минтақада барқарорликни сақлаш ва можаро тарқалишининг олдини олиш учун» кенгроқ дипломатик саъй-ҳаракатлар бўйича келишиб олгани тўғрисида баёнот берган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ҳарбий ҳаракатларни ҳозир тўхтатиш фақат ҲАМАС жангариларига фойдали бўлишини билдирган.
Исроил ва Гуттериш можароси
Сешанба куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида «ҲАМАСнинг [Исроилга] ҳужуми йўқ жойдан келиб чиқмаганини тушуниш муҳимлиги»ни айтганди. Гутерришнинг чиқиши Исроил ҳукумати вакиллари томонидан кескин танқидга учради ва ҳатто Исроил ТИВ ундан истеъфога чиқишни талаб этганди.
Хусусан, Исроилнинг БМТдаги махсус вакили Гилад Эрдан Twitter саҳифасида «болалар, аёллар ва кексаларнинг ёппасига ўлдирилишини тўғри тушунган бош котиб БМТ раҳбарлигига мос келмаслиги» ҳақида ёзган. «Шунчаки тил ожиз», — дея қайд этган Эрдан.
У Гутерришнинг бундай баёнотидан кейин Исроил БМТ вакилларига виза бермаслигини айтди. Эрданнинг сўзларига кўра, аллақачон БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитсга Исроилга кириш рад этилган. «Уларга сабоқ бериб қўйиш вақти келди», — деган у.
Исроил ТИВ вакили Лиор Ҳайят БМТ ХК йиғилишида бу орқали Гуттериш «террорчиликни оқлаётгани»ни айтди: «У қурбонлар тараф бўлиш ўрнига, Холокост вақтидан буён кўрилмаган ваҳшийликлар учун қурбонларнинг ўзини айблади».
Гутерриш эса БМТ Хавфсизлик кенгашидаги баёнотини юмшатишга ҳаракат қилди. «Фаластин халқининг норозилиги ҲАМАСнинг даҳшатли ҳужумини оқлай олмайди», — деб ёзди БМТ бош котиби ижтимоий тармоқда ва «даҳшатли ҳужумлар Фаластин халқининг коллектив жазоланишини ҳам оқлай олмаслиги»ни қўшимча қилди.
Ғазо секторидаги гуманитар вазият
Ғазо гуманитар фалокат ёқасида турибди — ўз уйларини тарк этган 1,4 миллиондан ортиқ фаластинлик ичимлик суви, озиқ-овқат ва дори-дармон етишмовчилигидан азият чекмоқда.
ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазода сешанба кунининг ўзида 704 киши ҳалок бўлгани, шундан 305 нафари болалар эканини маълум қилган. Агар бу чиндан ҳам шундай бўлса, БМТ маълумотларига кўра, бу уруш бошланганидан буён бир кун ичидаги қурбонлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Сешанба куни Мисрдан анклавга сув, озиқ-овқат ва дори-дармон юкланган яна саккизта юк машинаси етиб келди. Бу Исроил билан янги уруш бошланганидан буён ҳудудга кирган инсонпарварлик ёрдамларининг тўртинчи партиясидир.
Фаластин Қизил яримой жамияти хабарида аниқлик киритилишича, юк машиналарнинг бештасида сув, иккитасида — озиқ-овқат, биттасида дори-дармон бўлган.
Аммо бу ёрдам ҳудуддаги гуманитар ҳалокатни тўхтатиш учун етарли эмас, дея қайд этмоқда инсонпарварлик ташкилотлари.
БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) маълумотига кўра, унинг тасарруфидаги бошпаналар тўлиб-тошган: 150 объектда 600 минг атрофидаги киши жойлаштирилган.
«Бизнинг бошпаналар ўз сиғимидан тўрт баравар ошиқ одамни қабул қилган, мавжуд жойлар ортиғи билан тўлгани учун кўплаб кишилар кўчаларда ухламоқда», — дейилади агентлик баёнотида.
Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги анклав ҳалокат ёқасида эканидан огоҳлантирган: Ғазодаги 32 шифохонадан 12 таси ўз фаолиятини тўхтатган.
БМТ агентлиги яқин соатлар ичида Ғазо секторида ёнилғи бутунлай тугашини маълум қилган — бу анклавдаги гуманитар фаолият тўхташини ҳам англатиб, маҳаллий аҳоли учун оғир оқибатлар билан таҳдид қилмоқда.
«Агар биз тезда ёнилғи олмасак, чоршанба куни кечқурун Ғазо секторидаги амалиётимизни тўхтатишга мажбур бўламиз», — деган BBC билан суҳбатда агентлик матбуот котиби Жулиетта Тума.
Исроил мудофаа армияси эса ҲАМАСни ёнилғи захираларини аҳоли билан бўлишмасдан, ўзи учун тўплаётганини маълум қилган ҳамда Ғазодаги 500 минг литрдан ортиқ ёнилғи сақланаётган ҳудуднинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларини келтирган.
«ҲАМАСдан сўраб кўринчи, улар сизга бироз бериб турмасмикин», — дея таклиф қилган ЦАҲАЛ расмийси.
Мавзуга оид
15:12
Ўзбекистон элчиси Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашди
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024