Ўзбекистон | 21:30 / 26.10.2023
5008
4 дақиқада ўқилади

Иккита ҳудудда пул эвазига электрдан қарздорликларни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ЭТК ходимлари аниқланди

Электр тармоқлари корхонаси ходимлари Янгийўлда 12 млн эвазига далолатномани, Самарқанд туманида 5 млн сўм эвазига қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда туман ЭТК техниги О.Т. ва электр таъминоти гуруҳ электромонтёри А.Б. “М.У.” фермер хўжалиги раҳбарига фермер хўжалиги сув насосини электр тармоғига ноқонуний улангани ҳолати юзасидан тузилган далолатномани 12 млн сўм эвазига йўқ қилиб беришни ваъда қилиб, шундан 10 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман ЭТК техниги О.Т. фуқаро Т.В.нинг хонадонида ўрнатилган электр ҳисоблагич рўйхатдан ўтмагани юзасидан тузилган далолатномани ҳамда электрдан 6,1 млн сўмлик қарздорликни йўқ қилиб, янги ҳисоблагич ўрнатиб бериш эвазига 5 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

ЭТК ходимлари томонидан тадбиркорларнинг электр энергиясидан бўлган йирик миқдордаги қарздорликларини ўчириб бериш учун пул олиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Жумладан, Ургут туман ЭТК муҳандиси А.Н. ва фуқаро З.Ж. тадбиркор А.А.нинг ишончига кириб, ошхонанинг электрдан 35,9 млн сўм қарздорлигини камайтириб бериш эвазига 15 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганди.

Жумладан, Сайхунобод тумани ЭТК бошлиғи ўринбосари Ғ.Н. “С.Х.” МЧЖга қарашли ошхонада ўтказилган текширишда аниқланган 21 млн сўм зарарни базага киритмаслик эвазига МЧЖ раҳбари Ш.дан 7 млн сўм пора талаб қилиб, шундан 1 млн сўмни олган. Қолган 6 млн сўмни Сайхунобод туман ЭТК маъмурий биносида (!) олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.

Жиззах шаҳар ЭТК бўлим назоратчиси С.Э. “I.S.” МЧЖ раҳбарига ишлаб чиқариш цехини электр энергиясига улаб бериш ва келгусида унинг фаолиятига раҳнамолик қилиб туриш эвазига жорий йилнинг май-июл ойларида 400 доллар ва 2 млн сўмини қўлга киритиб, яна 3 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.

Янгиҳаёт туман ЭТК юрисконсулти Ф.И. фуқаро Б.нинг электр энергия истеъмолидан вужудга келган 9 млн сўм қарздорлигини судда ишловчи танишлари орқали камайтириб беришни ваъда қилган.

Юрисконсулт бунинг эвазига фуқародан 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни ЭТК маъмурий биноси олдида (!) олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.

П.С. Катта эҳтимол билан балки қўлга тушмаганлари салмоқли пуллар эвазига миллионлаб сўмни ташкил этадиган қарзларни ўчириб ҳам беришяпти.

Мавзуга оид