Жаҳон | 21:37 / 26.10.2023
10812
4 дақиқада ўқилади

Исроил БМТ бош котиби истеъфосини талаб қилмоқда, Гутерриш ҲАМАС ҳаракатини оқламаганини айтди 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «ҲАМАС ҳужумлари ўз-ўзидан содир бўлмагани»ни айтди. Унинг Ғазо уруши ҳақидаги сўзларига Исроил расмийлари ғазабнок муносабат билдирди. Гутерриш бу муносабатдан ҳайратда қолганини айтди. 

Фото: EPA

24 октябр куни Ню-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзлаган Антониу Гутерриш Яқин Шарқдаги вазият соат сайин оғирлашиб бораётганини айтиб, барча томонларни тинч аҳолини ҳурмат ва ҳимоя қилишга чақирди. 

«Мен 7 октябр куни ҲАМАС томонидан Исроилда содир этилган даҳшатли ва мисли кўрилмаган террорчилик хуружларини сўзсиз қораладим. Тинч аҳолини атайлаб ўлдириш, яралаш ва ўғирлаш, шунингдек, тинч аҳоли нишонларига ракета ҳужумларини ҳеч нарса оқлай олмайди», деди у. 

Шу билан бирга, Гутерриш: «Шунингдек, ҲАМАС ҳужумлари ўз-ўзидан содир бўлмаганини тан олиш керак. Фаластин халқи 56 йилдан бери бўғувчи истило остида», деб қўшимча қилди. 

Гутерриш, шунингдек, «Ғазода халқаро гуманитар ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилишидан» чуқур хавотирда эканини айтди ва Исроилнинг бомба ташлашидан тинч аҳоли қурбонлари миқдори ва «уй-жойларнинг оммавий вайрон бўлиши»дан хавотир билдирди. 

Шу билан бирга у ҲАМАС номини тилга олмасдан, «тинч аҳолини ҳимоя қилиш ҳеч қачон улардан тирик қалқон сифатида фойдаланишни англатмаслигини» таъкидлади. 

Гутерришнинг баёноти Исроил расмийлари томонидан кескин қабул қилинди. Жумладан Исроил элчиси Гилад Эрдан уни терроризмни оқлаганликда айблади ва зудлик билан истеъфосини талаб қилди.

Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ўз нутқида Гутерришни танқид қилиб, ундан: «Сиз қайси дунёда яшаяпсиз?», деб сўради. 

Коэннинг айтишича, Исроилга кириб келган 1500 нафар «ҲАМАС жангариси томонидан 1400 эркак, аёл ва боланинг ўлдирилиши тарихда ИШИД томонидан амалга оширилганидан ҳам шафқатсизроқ қирғин» бўлиб қолади. 

«ҲАМАС янги нацистлардир. Цивилизациялашган дунё нацистларни енгиш, ИШИД гуруҳини енгиш учун бирлашганидек, ҲАМАС ҳаракатини енгиш учун бирлашиши ва Исроилни қўллаб-қувватлаши керак» деди Коэн. 

У БМТ бош котиби танқиди ва ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғига ишора қилиб, шундай деди: «Айтингчи, гўдакларнинг ўлдирилиши, аёлларнинг зўрланиши ва ёндирилиши, боланинг боши кесилишига қандай мутаносиб жавоб берилади? Сени ўлдиришга ва йўқ қилишга қасам ичган одам билан қандай қилиб ўт очишни тўхтатишга рози бўласан?». 

Кейинроқ Коэн Х ижтимоий тармоқда шундай ёзди: «Мен БМТ Бош котиби билан учрашмайман. 7 октябр қирғинидан кейин мувозанатли ёндашувга ўрин йўқ». 

24 октябр куни Исроилнинг Ynet сайти БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитсга Исроил визаси сўрови рад этилгани ҳақида хабар берди. 

25 октябр куни Гутерриш ўзига қўйилган айбловларни рад этди.

«Баъзи баёнотларимнинг бузиб талқин қилиниши мени ҳайратда қолдирди... Гўё мен ҲАМАС ҳаракатининг террорчилик ҳаракатларини оқлаганмишман. Бу тўғри эмас. Ҳаммаси аксинча эди», деди у Исроил ва унинг расмийлари номини тилга олмасдан.

Мавзуга оид