Ўзбекистон | 23:24 / 27.10.2023
9231
2 дақиқада ўқилади

“Етакчилар доирасида келишилган иш албатта охирига етказилади” – Хитой элчиси Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли ҳақида

Хитой бу объектга жиддий қарайди. Бизда етакчилар доирасида аллақачон келишилган иш албатта муваффақиятли равишда охирига етказилади, деди Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн. Дипломатнинг сўзларига кўра, Хитой ҳамма томонлар учун манфаатли бўлган ушбу лойиҳадан воз кечмайди.

Фото: Kun.uz

27 октябрь куни Тошкентда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан брифинг ташкил қилинди. Тадбир доирасида Хитой элчиси Юй Сзюн ОАВ вакиллари саволларига жавобан Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли лойиҳасига тўхталиб ўтди.

“Хитой бу объектга жиддий қарайди. Айнан Циандаги саммитда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари якунланаётгани таъкидланган эди. Бизнинг амалиётга кўра, етакчилар доирасида аллақачон келишилган иш албатта охирига етказилади. Муваффақиятли равишда.

Ҳозирги кунда 3 та томон доимий ва тезкор равишда келгуси қадамлар борасида келишув қилмоқда. Бу ерда 500 кмдан узунроқ темирйўл ва кичик бўлмаган сумма ҳақида гап кетмоқда. Келишув бўлиши керак. Воз кечмаймиз, чунки бу албатта, бу лойиҳа Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистон манфаатлари учун… [хизмат қилади]”, — дея Хитой дипломати сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли лойиҳаси бошланиши 2000 йилларга бошига тўғри келади. У Хитой ва Ўзбекистон темирйўлларини Қирғизистон орқали боғлаш, сўнгра уларни “Янги Ипак йўли” транспорт тизимининг бир қисми сифатида Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали Европа темирйўллари тармоғи билан боғлашни мақсад қилган эди.

Узоқ йиллар танаффусда турган лойиҳа охирги 2-3 йилда давлат раҳбарлари даражасида тилга олиниб, ишлар қайта жонлангани таъкидланди. Лекин шу йил сентябрь ойи охирида асосий сармоядор Хитой учун устуворлигини йўқотгани ва молиявий муаммолар туфайли Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўл линияси қурилиши номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бундан ташқари, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўл лойиҳаси Россия ва Қозоғистон манфаатларига тўғри келмаслиги нуқтаи назаридан, лойиҳага сиёсий сабаблар тўсқинлик қилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон томонига кўра, лойиҳа қиймати 5–7 млрд доллар атрофида, қурилажак темирйўлда йилига 8-10 млн тонна юк ташилиши мўлжалланган. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид