Ўзбекистон | 21:36 / 30.10.2023
23975
2 дақиқада ўқилади

“Ўзавтосаноат”нинг иккита компанияси иномарка сотиб олди

“Автосаноат инвест” ва UzAuto Passenger Vehicles Management компаниялари BYD Chazor вa BYD Song Plus автомобилларини харид қилиш бўйича шартнома тузган. 100 фоиз улуши “Ўзавтосаноат”га тегишли бу икки компания иккита электромобил хариди учун 738 млн сўмдан кўпроқ маблағ сарфлаяпти.

BYD Chazor / Фото: BYD

“Автосаноат инвест” МЧЖ 2023 йил 29 август куни BYD Uzbekistan factory билан тўғридан тўғри шартнома тузиб, 294 млн сўмга оқ рангли “BYD Chazor Flagship” автомобилига буюртма берган.

Хитойдан импорт қилинувчи бу машина нима мақсадда сотиб олинганига аниқлик киритилмаган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, “Автосаноат инвест” МЧЖ 2008 йил 18 февралда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 13,4 млрд сўм. Фаолият йўналиши – автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситаларининг улгуржи савдоси. Компаниянинг 100 фоизлик улуши – “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли. Раҳбари сифатида Бобожонов Қодиржон Абдураҳимович кўрсатилган.

Содда қилиб айтганда, “Автосаноат инвест” UzAuto'нинг ҳудудлардаги дилерлик марказлари ва автосалонларини назорат қилувчи тузилмаси ҳисобланади.

Яна бир ҳолатда “UzAuto Passenger Vehicles Management” МЧЖ Astana Motors Company билан 444 млн 526 минг сўмга қора рангли BYD Song Plus сотиб олиш бўйича шартнома қилган. Бу ҳолатда ҳам автомобил нима мақсадда харид қилинаётганига аниқлик киритилмаган.

“UzAuto Passenger Vehicles Management” МЧЖ 2020 йилнинг 19 июн куни ташкил этилган. Жорий устав фонди – 1,3 млрд сўм. Фаолият йўналиши – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш. Компаниянинг 100 фоизлик улуши – “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли. Раҳбари сифатида Ахунов Бахром Бахтиёрович кўрсатилган.

Мавзуга оид