Жаҳон | 23:50 / 01.11.2023
12064
3 дақиқада ўқилади

Франция президентининг Қозоғистонга ташрифи якунлари: Тўқаев ва Макрон нима ҳақида келишиб олди?

Фото: Akorda.kz

1 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Қозоғистонга ташрифини якунлади.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эммануэл Макрон Остонадаги халқаро бизнес-форумда иштирок этди. Франция ва Қозоғистон етакчилари кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиш ниятида эканини маълум қилди.

Тўқаев ва Макрон «яшил технологиялар»ни биргаликда жорий қилишга келишиб олди. Французлар Европада атом энергиясидан фойдаланишда етакчи ҳисобланади. Қозоғистон Франция атом электр станциялари учун ёқилғи беришга тайёр.

«Қозоғистон уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради, Европада истеъмол қилинадиган ядро ёқилғисининг чорак қисмидан кўпроғини таъминлайди. Франция энергетика тармоғининг 63 фоизи атом энергетикаси ҳиссасига тўғри келгани боис ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд», деди Қозоғистон президенти.

Қозоғистонда 1 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича келишув имзоланди. Французлар лойиҳага бир миллиард доллардан ортиқ сармоя киритади. Тўқаев инвесторларни нодир металларни қазиб олишга эътибор қаратишга чақирди. Қозоғистонда беш мингга яқин шундай конлар мавжуд.

«Бугунги кунда биз Европа Иттифоқи иқтисодиёти учун зарур бўлган 30 та ноёб тупроқ материалларидан 16 тасини ишлаб чиқарамиз ва Европа бозорининг фосфорга бўлган эҳтиёжининг 70 фоизини таъминлаймиз. Бизда яна тўққиз турдаги хомашё кони бор, агар сармоя киритилса, уларни ўзлаштириш мумкин», деди Тўқаев.

Французлар логистикани ривожлантиришдан манфаатдор. Макроннинг таъкидлашича, янги шароитда Европа ва Осиё ўртасида таъминотнинг энг қисқа ва ишончли йўналиши Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳисобланади.

«Транспорт йўналишларини, биринчи навбатда, «Ўрта йўлак» орқали ривожлантириш муҳим. Франция ушбу транспорт йўналишини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр», деди Эммануэл Макрон.

Учрашувлар якунида имзоланган келишувлар биотехнология ва тиббиёт соҳаларига тегишли. Французлар қозоғистонлик ҳамкасбларига оқсимга қарши вакцина яратишда ёрдам беради. Улар темирйўл локомотивларини йиғиш, ачитилган сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни давом эттирадилар.

Франция Қозоғистоннинг бешта асосий савдо ҳамкорларидан биридир. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 2,7 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 21 фоизга кўп.

Мавзуга оид