Исроил армияси 7 октябрдан бери Ғазодаги 11 мингдан ортиқ объектга ҳужум қилди
7 октябрдан бери Исроил армияси блокададаги Ғазо секторида 11 мингдан ортиқ объектга ҳужум қилди. Бу ҳақда армия матбуот хизмати баёнотида айтилади.
Баёнотга кўра, ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти - «Изеддин ал-Қассам бригадалари»нинг ҳарбий объектлари зарбага учраган.
Матбуот хизматининг қайд этишича, Исроил армияси Ғазо секторида «қуруқлик операциялари»ни давом эттирмоқда.
Ҳарбийлар томонидан эълон қилинган суратда Ғазо секторининг харобага айланган чеккасида исроиллик аскарлар ва зирҳли техникалари акс этган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.
Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.