Жаҳон | 23:23 / 03.11.2023
13257
3 дақиқада ўқилади

Россия Яқин Шарқдаги зиддият билан дунёни Украина босқинидан чалғитишга уринмоқда – Исроил вакили

Шунингдек, исроиллик дипломат Россияни Исроилга халқаро ҳуқуққа риоя қилишни ўргатиши мумкин бўлган «охирги давлат» деб атади. 

Фото: AP

Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан сўзларига кўра, Россия Яқин Шарқдаги урушдан дунё эътиборини Украина босқинидан чалғитиш учун фойдаланмоқда. 

Аввалроқ, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Исроил ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳаққи йўқ деган эди. Гилад Эрдан унинг сўзларига шу мазмунда жавоб қайтарди. 

«Агар минглаб фуқаролари террорчи ташкилот томонидан ўлдирилса ва ўғирланса, Россия бунга қандай муносабатда бўлишини ҳамма тушуниб турибди. Афсуски, Россия бутун дунё эътиборини Украина босқинидан чалғитиш учун ҲАМАС террорчилик ҳужумидан энг жирканч йўл билан фойдаланмоқда», деди Эрдан. 

Дипломат, шунингдек, Россияни Исроилга халқаро ҳуқуққа риоя қилишни ўргатиши мумкин бўлган «охирги давлат» деб атади: «Россия вакилининг Исроилга қарата айтилган инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ ҳақида маънавиятли гапларини эшитиш кулгили. Россия - БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқариб юборилган давлат. Россия бизга буни ўргатиши мумкин бўлган охирги давлатдир», деди Эрдан. 

Аввалроқ, Василий Небензя Исроилнинг ҲАМАС ҳаракатига қарши урушда ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳаққи йўқлигини айтди: «Улар [Ғарб давлатлари] қила оладиган нарса Исроилнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқи ҳақида гапиришдан иборат, гарчи босқинчи давлат сифатида бунга ҳаққи бўлмаса-да. Бу 2004 йилда Халқаро Суд (БМТ) маслаҳат хулосаси билан тасдиқланган». 

Ўз навбатида, «Коммерсант» газетасининг таъкидлашича, суднинг 2004 йилдаги хулосаси буни англатмайди. Ҳужжатда айтилишича, Исроилнинг Фаластин ҳудудида ажратувчи тўсиқ қуриши халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш ҳисобланади. Суд хулосасида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тилга олинмаган. 

Исроилнинг ҲАМАС билан урушида Россия Фаластинга тарафдор позицияни эгаллади. Хусусан, Россия президенти Владимир Путин Фаластин-Исроил можаросини «АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг ёрқин намунаси» деб атади ва мустақил Фаластин давлатини яратиш зарурлигини ҳам таъкидлади. 

Мавзуга оид