«Тоттенҳэм» – «Челси» 1:4 (1:1, 0:3)
Голлар: 1:0 – 6 Кулусевски, 1:1 – 35, пеналти Палмер, 1:2 – 75 Жексон, 1:3 – 90 Жексон, 1:4 – 90 Жексон.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен (Ҳейберг, 45), Удоджи, Мэддисон (Эмерсон, 45), Биссума, Кулусевски (Скипп, 61), Сарр (Бентанкур, 61), Сон Хин Мин, Жонсон (Дайер, 34).
«Челси» – Санчес, Жеймс (Гюсто, 77), Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл (Кукуреля, 46), Галлаҳер, Фернандес (Мудрик, 58), Палмер, Кайседо, Стерлинг (Угочукву, 90), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Удоджи (18), Жексон (45), Сарр (45), Колуилл (45), Гюсто (86), Мудрик (89), Угочукву (90).
Четлатишлар: Ромеро (33), Удоджи (55).
АПЛнинг 2- ва 13-ўринларидаги жамоалари учрашуви — у қадар интригали бўлиб кўринмайди. Ангелос Постекўғли бошчилигида янги даврга кирган «Тоттенҳэм» — душанба куни оқшомига келиб АПЛнинг мағлубиятсиз давом этаётган ягона жамоаси сифатида қолаётганди. Бу жамоа учун 62 йилдаги энг яхши старт эди — дастлабки 10 турда саккиз ғалаба ва икки дуранг, «шпорлар» ҳатто Маурисио Почеттино даврида ҳам бундай ёрқин старт қайд эта олмаганди.
Ўз навбатида, аргентиналик мутахассис бошчилигидаги «Челси» ҳам янги даврда, аммо бу мавсум старти у қадар кўнгилдагидек кечмади, 11-тур арафасида жамоанинг мағлубиятлари сони (4) ғалабалар сонидан (3) кўпроқ эди. Лекин турнир жадвалидаги ўринларига қарамай жамоалар ўта шиддатли, курашлар, воқеалар ва видеотакрорларга бой ўйин намойиш этиб беришди.
Илк дақиқаларданоқ икки томон ҳам ҳужумга ташланди. «Тоттенҳэм» эса АПЛда етакчилик учун курашаётган жамоа эканини намойиш этди ва меҳмонларни тезкор гол билан сийлади. Олтинчи дақиқада Мэддисон Саррга битта узатма билан рақибнинг яримҳимоя чизиғини ўйиндан узиб қўйди.

Сенегаллик яримҳимоячи Кулушевскини тўп билан таъминлади, унинг зарбаси эса Колвиллнинг бели орқали рикошет бўлиб бориб Санчесни доғда қолдирди. Майдон марказидаги бундай хато мудофаадаги омадсизлик билан қоришиб, ҳисоб очилди.
Кейин эса мезбонлар тўпни аутдан ўйинга киритишда хато қилишди ва фақат Викарионинг қаҳрамонлиги жамоани жавоб голидан қутқарди.
Яна бир неча дақиқа ўтиб VAR катта саҳнага чиқди ва ўйин охирига қадар бу ердан тушмади. Дастлаб «Челси»нинг омади келди: Жонсон қанотдан Сон Хин Минни тўп билан таъминлади ва кореялик ҳужумчи дарвозани ишғол этди. Аммо бундан олдин кичик офсайд рўй берганди, шу туфайли Майкл Оливер голни бекор қилди, VAR билан узоқ маслаҳатлашувдан кейин ҳам ҳукм ўзгармади.






























