КЖЧ. 1/8 финал
«ПСЖ» — «Интер Майам«» 4:0
29 июн. Атланта. «Мерседес-Бенц Арена»
Голлар: Невеш (6, 39), Авилес (44, автогол), Ҳакими (45+3).
«ПСЖ» — Доннарумма, Ҳакими (Ли Кан Ин, 69), Маркинос (Бералдо, 46), Пачо, Мендеш (Эрнандес, 69), Витиня, Невеш (Дембеле, 61), Руис (Заир-Эмери, 46), Кварацхелия, Дуэ, Барколя.
«Интер Майами» — Устари, Вейгандт, Фалкон, Аллен (Авилес, 19), Алба, Алленде, Редондо, Бускетс, Сеговия (Кремаски, 75), Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Авилес (20), Вейгандт (42), Суарес (74).

Бу ўйин катта қизиқиш билан кутилганди. Лионел Месси собиқ жамоадошларига қарши — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1/8 финал баҳси учун жозибадор афиша. Аммо ўйиндан интрига кутганларнинг ҳафсаласи пир бўлди.

Америка клуби сафида барча номдор легионерлар — Жорди Алба, Серхио Бускетс, Месси ва Луис Суарес бошланғич таркибда майдонга тушди. Алба учун бу турнирда илк бор илк дақиқалардан ўйнаши эди.

Месси ўйин олдидан Париждан ўтказилган даври ҳақида яна бир бор ҳасрат қилди. У француз клубидаги бирор кундан қониқиш ҳосил қилмагани ҳақида гапирди. Журналистлар ўйин олдидан «ПСЖ» устози Луис Энрикедан Леони қандай қилиб тўхтатмоқчилиги ҳақида сўрашди. Мураббий камтарлик билан бу ишни бир футболчи билан амалга ошириб бўлмаслигини айтди.

Ўйин Европа чемпионларининг катта устунлиги билан бошланди. Хвича Кварацхелия икки рақибни ортда қолдириб, Брэдли Барколяни қулай вазиятга чиқарди — дарвозабон Оскар Устари зарбани қайтарди. Аммо бир неча дақиқа ўтиб аргентиналик посбон ҳам ожиз қолди. Бу сафар Жоау Невеш Витиня жарима зарбасидан кейин олис устун олдига етказиб берган тўпни боши билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. «Интер Майами» атиги етти дақиқа бардош берди. Месси бундай стартни кутмагани тайин эди.

Аммо Флорида клубининг муаммоси бу билан чекланмади. 21 ёшли ҳимоячи Ноа Аллен белидан жароҳат олиб майдонни эрта тарк этди, унинг ўрнига тушган Томас Авилес эса дарҳол қўполлик ишлатиб, сариқ карточка олди.

Кейин эса ҳеч ким кутмаган футболчи жамоани уялтирди. Тажрибали Серхио Бускетс жарима майдони яқинида тўпни олдириб қўйди — «ПСЖ» кечирмади.

Барколя иштирокида давом этган ҳужум якунида Фабиан Руис тўпни Невешга узатди, у эса осонлик билан дублни расмийлаштирди. Шу тариқа, 39-дақиқадаёқ амалда ўйиндаги интригага барҳам берилди. Бу вақтга келиб Месси 10 марта ҳам тўпга тегина олмаганди.