2023 йил 7 октябрда ҲАМАС гуруҳининг Исроилга қуролли ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторида гуруҳга қарши жавоб қайтармоқда ва қуруқликдаги операция ўтказмоқда. Шу фонда Ғазодаги тинч аҳолининг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашди. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги раҳбари Филипп Лаззарини Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни «ҳалокатли» деб таърифлади. Дори, озиқ-овқат, сув ва ёнилғи танқис бўлиб бормоқда ва минглаб одамлар БМТ агентлиги лагерлари ва ёрдам тарқатиш марказларига йўл олмоқда.

Халқаро ташкилотларга кўра, Ғазо секторидаги аҳоли зудлик билан ёрдам кўрсатилишига муҳтож, бироқ ёрдам жуда кам ҳажмда тақдим этилмоқда. Германия Қизил Хоч жамиятининг халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Кристоф Йоненга кўра, ёрдам кўрсатиш бўйича янги ходимлар Ғазо секторига кира олмаяпти: «Айни пайтда кўпчилик фаластинликлар кўнгилли сифатида кўмак бермоқда ва буни катта хавф шароитида амалга оширмоқда», деди у DW'га интервюда.

Ғазо деярли тўлиқ блокадада қолгани сабабли, у ердан келаётган маълумотларни текширишнинг имкони йўқ. Шунинг учун Ғазо секторидаги вазият ҳақида хабар бериш учун асосан гуманитар ташкилотлар маълумотларига таяниш мумкин.

Ғазога гуманитар юклар қандай етиб боряпти?

Халқаро гуманитар ёрдам дастлаб Мисрга етказиляпти, у ердан Рафаҳ чегара пунктига олиб бориляпти. Кейин у Ғазо томонидаги бошқа юк машиналарига қайта юкланмоқда ва белгиланган манзилларга етказилмоқда, у ерда БМТ шафелигидаги гуманитар ташкилотлар, Қизил Хоч ва бошқа хайрия идоралари томонидан қабул қилиняпти ҳамда маҳаллий касалхоналар ва БМТ агентликларига тарқатиляпти.

Юкларни қуруқлик орқали етказиб бериш Ғазо секторидаги йўлларнинг қисман вайрон бўлгани ёки йўл бўйлаб бинолар вайроналари мавжудлиги билан мураккаблашмоқда. Йоненнинг сўзларига кўра, Германия Қизил Хоч ва Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятидан Ғазо шимолига ёрдам етказиш кенг кўламли вайронагарчиликлар туфайли имконсиз бўлиб қолган.

Бундан ташқари, Исроил гуманитар ёрдам ҲАМАС қўлига тушмаслигига кафолат талаб қилмоқда. Исроил, айниқса, ҲАМАС ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган ёнилғидан хавотирда. Сўнгги ўн кун ичида Исроил Мисрдан озиқ-овқат ва дори-дармон олиб келаётган 200 дан ортиқ юк машинасини Ғазога киритишга рухсат берди. Гуманитар юкка ёнилғи қўшилмаган. Бир қатор гуманитар ташкилотларнинг фикрича, олинган ёрдам ҳали ҳам етарли эмас. ЮНИСЕФ вакили Тоби Фрикернинг айтишича, Ғазо секторидаги икки миллиондан ортиқ аҳолини таъминлаш учун ҳар куни камида 100 та юк машинасида ёрдам етказиб берилиши керак.