Жаҳон | 11:35 / 08.11.2023
6054
2 дақиқада ўқилади

Украинада ҳарбий асирлар учун янги лагер очиляпти

Ҳарбий асирларни сақлаш учун иккинчи лагер ҳам худди биринчиси каби халқаро стандартларга жавоб беради, дея маълум қилди «Яшашни истайман» ташкилоти. Лагер очилиши Украинада россиялик ҳарбий асирлар сони ортиб бораётгани билан боғлиқ.

Фото: AP

Украинада россиялик ҳарбий асирлар сони кўплиги сабабли уларни сақлаш учун иккинчи лагер ташкил этилади, деб хабар берди «Яшашни истайман» ҳукумат ташкилоти 7 ноябр, сешанба куни Telegram’да. Бундан ташқари, ушбу маълумотларга кўра, яна бир - учинчи лагер очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. «Ҳарбий асирлар сонининг кўпайиши ҳам фронтдаги вазият, россиялик аскарлар мотивациясининг ёмонлашуви, ҳам Россия томонининг ҳарбий асирлар алмашинувига тўсқинлик қилиши билан боғлиқ», деб таъкидлади ташкилот.

Лагердаги шароитлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келади 

Ушбу маълумотларга кўра, биринчи - «Запад-1» лагери каби янги лагер ҳам ўз шароитлари бўйича халқаро гуманитар ҳуқуқнинг барча меъёрларига жавоб беради. «Россия ҳарбийлари тиббий ёрдам, кунига уч маҳал овқат, қариндошлар билан мулоқот қилиш, шунингдек, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари билан доимий алоқада бўлиш имконига эга бўлади. Лагернинг ўзи ҳудуд ичида жойлашган, бу Женева конвенцияларига мувофиқ келади», деб хабар қилинади. 

ОАВ маълумотларига кўра, 300 нафар ҳарбий асирга мўлжалланган янги «Запад-2» лагери Молдова билан чегарадаги Винница вилоятида жойлашади. Лвив вилоятидаги «Запад-1» лагерида 600 га яқин жой борлиги аввалроқ хабар қилинган эди. Таслим бўлган россияликларнинг аниқ сони номаълум. 

Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец сўзларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери мамлакат Россиядан деярли 2600 ҳарбий асир ва тинч аҳолини қайтарган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид