Словакия Украинага ҳарбий ёрдам беришни тўхтатди
Словакиянинг янги ҳукумати Киевга 40 миллион евро миқдоридаги 14-ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишни блоклади. Аввалроқ бош вазир Фицо Братислава фақат гуманитар ва фуқаролик ёрдамини ўтказишини маълум қилганди.
Словакиянинг янги вазирлар маҳкамаси Киевга 40 миллион евродан ортиқ режалаштирилган ҳарбий ёрдам кўрсатиш жараёнини тўхтатди. «Ҳукумат Украинага ҳарбий техника етказиб бериш режасига рози эмас», дейилади 8 ноябр, чоршанба куни расмий веб-сайтда эълон қилинган баёнотда.
Аввалги ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган 14-ҳарбий ёрдам пакети катта калибрли ўқ-дорилар, зенит ракеталари, миномётлар ва миналар тақдим этини ўз ичига олганди.
Шу тариқа, Роберт Фицонинг янги ҳукумати тахминан 20 ой давомида Россиянинг кенг кўламли ҳужумидан ҳимояланган Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича илгари эълон қилинган сиёсий йўналишни ўзгартирди. Уруш бошланганидан бери Словакия Украинанинг энг қатъий иттифоқчиларидан бири бўлиб, унга умумий қиймати 671 миллион еврога яқин қурол-аслаҳа тақдим этган.
Фицо октябр охирида Украинага ҳарбий ёрдам бериш тўхтатилишини эълон қилди
Октябр ойи охирида расман лавозимга киришганидан икки кун ўтиб, Словакиянинг янги бош вазири Братиславадаги парламентда Украинага ҳарбий ёрдам тўхтатилишини эълон қилди. «Биз Украинага ёрдамни фақат инсонпарварлик ва фуқаролик ёрдами сифатида тақдим этишимиз мумкин. Украинага энди қурол етказиб бермаймиз», - деди парламент сайловларида ғалаба қозонган «Йўналиш - социал демократия» (SMER-SD) партияси раҳбари.
Украинадаги уруш - «бизнинг урушимиз эмас, бу урушга ҳеч қандай алоқамиз йўқ», деди у. Шунинг учун «ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш Украина учун бизда мавжуд бўлган энг яхши ечим», деди Роберт Фицо. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи «қурол етказиб берувчидан тинчликпарварга айланиши» керак. Шу билан бирга, Словакия бош вазири Россияга қарши санкцияларга қарши чиқди. «Россияга қарши санкцияларнинг Словакияга таъсирини ўрганмагунимизча, овоз бермайман. Агар аксарият санкцияларда бўлгани каби бизга зарар келтирадигани мавжуд бўлса, мен уларни қўллаб-қувватлашга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», - деди у.
Мавзуга оид
14:00
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024