Жаҳон | 13:53 / 10.11.2023
5247
3 дақиқада ўқилади

Европарламент россияликларнинг шахсий буюмларини мусодара қилмасликка чақирди

Европарламентнинг Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари ва уларнинг самарадорлиги тўғрисидаги резолюциясида Россия фуқароларидан шахсий буюмлар ва транспорт воситаларини мусодара қилишга алоҳида банд ажратилган.

Фото: Getty images

Европа парламенти Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан санкциялари самарадорлиги тўғрисида резолюция қабул қилди, унда бошқа нарсалар қатори, Европа комиссияси «фақат шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган ашёлар ва транспорт воситаларини олиб қўйиш ва мусодара қилишга олиб келадиган санкциялар» талқинини қайта кўриб чиқишга чақирилган. 9 ноябр, пайшанба куни қабул қилинган резолюциянинг қўшма матнида ифодаланган парламентарийлар фикрича, «бундай ҳаддан ташқари чоралар Россияга Украинага қарши уруши учун жорий қилинган санкцияларнинг мақсади ва воситаларини обрўсизлантиради».

Бундан ташқари, Европарламент депутатлари Еврокомиссия ва ЕИ кенгашидан шахсларни индивидуал санкциялар рўйхатига қўшиш жараёнини янада шаффоф ва профессионал қилишга чақирди. Худди шу нарса санкцияларни бекор қилиш жараёнига ҳам тегишли. «Ҳозирги ҳаракат йўналиши мавжуд санкциялар режимининг обрўсига путур етказади», деб ҳисоблайди парламентарийлар.

17 октябр куни бўлиб ўтган ушбу мавзу бўйича мунозара чоғида германиялик евродепутат Сергей Лагодинский Европа Иттифоқига шахсий буюмларни олиб киришни тақиқловчи жазо чораларини танқид қилди. «Бизнинг устувор вазифамиз Россия ҳукумати ва рус аппаратини урушни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилишдир. Европа комиссиясининг санкциялар бўйича талқини, унга кўра, россиялик диссидентлар ўзларининг шахсий нарсаларини - шампун, совунни Россиядан олиб кела олмайди - очиғини айтганда, бизнинг санкциялар воситамиз - ташқи сиёсатимизнинг энг муҳим воситаларидан бири - самара бермаяпти ва бу ўз-ўзини масхара қилиш». Парламент аъзосининг тан олишича, ҳатто ўзи ҳам ЕИ санкциялари қандай жорий этилиши, бекор қилиниши ва амалга оширилиши ҳақида ҳалигача аниқ тушунчага эга эмас. 

ЕИнинг Россияга қарши 11 та санкциялар пакети

ЕИ аллақачон Украинага қарши тажовузкорлик учун Россияга қарши ўн битта санкция пакетини киритган, охиргиси 23 июн куни ЕИ кенгаши томонидан маъқулланган. 8 сентябр куни Брюссел ўз веб-сайтидаги савол-жавоблар бўлимига Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан ушбу санкцияларни қўллаш ҳақида қўшимча қилди: «Европа Иттифоқига импортни тақиқлаш XXI иловасига киритилган товарларни Европа Иттифоқига олиб кириш мумкин эмаслигини билдиради». Ушбу иловадаги рухсат этилган товарлар рўйхатига нафақат автомобиллар, балки, масалан, чамадон ва саёҳат сумкалари, аёллар ва болалар кийимлари, пойабзал, смартфонлар ва ҳар қандай телефонлар, гигиена воситалари киради.

Европа комиссияси вакили чегарада бошқа товарларга автомобиллар каби қаттиқ муносабатда бўлмаслик кераклигини таъкидлади. «Чегарани кесиб ўтаётган одам кийган кийим Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишга қаратилган бўлиши қийин, - деди у. - Бу қиммат машинага қараганда бутунлай бошқача ҳолат ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар санкцияларни қўллашда буни ҳисобга олиши керак».

Мавзуга оид