Жаҳон | 01:19 / 11.11.2023
11792
1 дақиқада ўқилади

АҚШ энг янги стратегик бомбардимончи самолётнинг синовларини бошлади

Пентагон энг янги B-21 Raider бомбардимончисининг парвоз синовлари бошланганини эълон қилди.

Фото: Reuters

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Энн Стефанекнинг маълум қилишича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўзининг энг янги стратегик бомбардимончи B-21 Raider самолёти синовини бошлади.

Синов Ҳарбий ҳаво кучлари синов маркази ва B-21 қўшма синов гуруҳи томонидан ўтказилмоқда.

«Бу Қўшма Штатларга қарши тажовуз ва ҳужумларни тийиб туриш учун зарур», деди Стефанек.

АҚШ олтинчи авлод B-21 Raider бомбардимончи самолётини 2022 йил декабр ойида тақдим қилган. У келажакда Америка ҳарбий авиациясининг таянчига айланиши кутилмоқда. Самолёт оддий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир. У душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига кириб бориши ва дунёнинг исталган нуқтасидаги объектларни нишонга олиши айтилмоқда.

Бомбардимончи самолёт Калифорниядаги Northrop Grumman заводида йиғилади. Ҳаммаси бўлиб 100 та самолёт ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Reuters маълумотига кўра, самолётнинг қиймати 753 миллион долларга тенг.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид