Таълим | 15:45 / 15.11.2025
1616
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ва ОТМда инсон ҳуқуқлари таълимини кенгайтириш режалаштирилмоқда

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимида инсон ҳуқуқлари таълимини кенгайтиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар назарда тутилган.

Лойиҳада инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни барча даражада кучайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар назарда тутилган.

Ҳар йили декабр ойида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилади. Унинг доирасида барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” фестивали (очиқ эшиклар куни) ташкил этилади.

2026 йил июндан бошлаб “Болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари таълими: гендер тенглиги, иқлим ўзгариши ва рақамли инклюзия” номли миллий инновацион ташаббуслар танлови йўлга қўйилади. Танлов учун махсус низом ишлаб чиқилади ва у ҳар йили мунтазам ўтказиб борилади.

2026 йил декабрдан инсон ҳуқуқлари таълими билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган илмий-тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинади. Бу доирада илмий мавзулар шакллантирилади, экспертизадан ўтказилади ва давлат илмий дастурлари доирасида молиялаштирилади.

2026 йил январдан умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида “Омбудсман соати” жорий этиш режалаштирилган.

2026–2029 йиллар давомида мактабларда ўтказиладиган “Келажак соати” дарслари мазмунига инсон ҳуқуқлари мавзулари киритилади. Ўқувчилар ўртасида “Менинг ҳуқуқларим” мавзусида иншо, расм ва видеороликлар танловлари ўтказилади.

Профессионал ва олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” фанларининг ўқитилиши муттасил мониторинг қилиб борилади.

2026 йил сентябрдан бошлаб “Менинг рақамли ҳуқуқларим” мавзусида республика бўйлаб интерфаол тренинглар, дебатлар, Digital Rights Week тадбирлари ва #MyDigitalRights ҳештеги остида кампаниялар ўтказиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши мактаб ва ОТМда инсон ҳуқуқлари бўйича билимлар даражасини ошириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, шунингдек, рақамли замонда шахсий ва рақамли ҳуқуқлар тўғрисида хабардорликни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид