Жаҳон | 11:01 / 13.11.2023
2592
2 дақиқада ўқилади

Испанияда яна айирмачиларни амнистияга қилишга қарши намойиш бўлиб ўтди

Ўн минглаб одамлар Мадрид ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиқди. Улар Испания бош вазири Санчеснинг каталониялик айирмачиларни афв этиш режаларига қарши.

Фото: Joan Mateu Parra/AP Photo/picture alliance

12 ноябр, якшанба куни Испания бўйлаб ўн минглаб одамлар бош вазир вазифасини бажарувчи Педро Санчеснинг Каталония бўлгинчиларига амнистия қўллаш режаларига қарши янги норозилик намойишларига чиқди. Митинглар ташаббускори мухолифатдаги консерватив Халқ партияси (ХП) бўлди. 

Энг йирик норозилик Мадридда бўлиб ўтди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, у 1 миллионга яқин одамни жалб қилди, ҳукумат пойтахтдаги митингда 80 минг иштирокчи қатнашганини эълон қилди. Намойишчилар қўлларида Испания ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, «Конституцияни ҳурмат қилинг» ва «Испания демократияси таҳдид остида» каби шиорлар ёзилган баннерларни ушлаб турди. «Биз янги сайловлар ўтказилмагунча жим турмаймиз», деб ваъда берди ХП раҳбари Алберто Нунес Фейхоо Пуэрта-дел-Сол марказий майдонида йиғилганларга мурожаат қилиб. 

Барселонада, маҳаллий полиция маълумотларига кўра, намойишда 6000, Гранадада - 30 000, Севиляда - 50 000 киши қатнашган. Митинглар Малага, Палма ва Валенсияда ҳам бўлиб ўтди. Ташкилотчиларнинг айтишича, Испания бўйлаб намойишларга 2 миллионга яқин одам қўшилган. 

Санчес амнистияни коалиция эвазига таклиф қилди 

Испанияда 23 июл куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасида ҳукмрон коалиция тузилмади. Санчес бошчилигидаги Испания Социалистик ишчилар партияси (ИСИП) иккинчи ўринни эгаллади ва етакчиликни Халқ партияси консерваторларига бой берди. Қирол Филипп VI ХП етакчиси Фейхоога коалиция тузишни топширди, бироқ унинг номзоди парламент қуйи палатаси томонидан рад этилди. Шундан сўнг коалиция тузиш вазифаси Санчесга юклатилди.

Янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар доирасида ИСИП Каталония партиялари билан 2017 йилда Каталония мустақиллигини эълон қилиш бўйича муваффақиятсиз уринишда иштирок этган сиёсатчиларни амнистия қилиш бўйича келишувга эришди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид