10:56 / 13.11.2023
2909

ЖССТ Аш-Шифо касалхонаси ходимлари билан алоқа узилганини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил армияси ҲАМАСга қарши кураш олиб бораётган Ғазо секторидаги Ал-Шифо шифохонаси тиббиёт ходимларининг хавфсизлиги ва тақдиридан хавотирда. ЦАҲАЛ касалхонага ҳужум ва уни қамал қилиш бўйича айбловларни рад этяпти. 

Фото: Ismail Zanoun/AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАСга қарши курашаётган Ғазо секторидаги Аш-Шифо касалхонаси ходимлари билан алоқа узилганини маълум қилди. 12 ноябр, якшанба куни ЖССТ минтақавий офиси: «Касалхонага такрорий ҳужумлар ҳақида қўрқинчли хабарлар пайдо бўлаётгани сабабли, бизнинг ходимларимиз минтақадан қочган ўн минглаб кишилар сафига қўшилган бўлиши мумкин», дея маълум қилди ва яна бир бор «зудлик билан ўт очишни тўхтатишга» чақирди. 

ЖССТ «тиббиёт ходимлари ҳамда юзлаб касал ва жароҳатланган беморларнинг хавфсизлигидан қаттиқ хавотирда», дейилади ташкилот баёнотида. «Мавжуд маълумотларга кўра, стационар беморларнинг сони касалхона сиғимидан деярли икки баравар кўп, бу шошилинч хизматлар ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдам билан чекланган бўлса ҳам кузатилмоқда», дея таъкидлаб ўтди ЖССТ. 

ЦАҲАЛ касалхона қамал қилингани ҳақидаги айбловларни рад этяпти 

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари шифохонага қилинган ҳужум ҳақидаги айбловларни рад этган эди. «Сўнгги бир неча соат ичида биз Аш-Шифо касалхонасини қуршаб олганимиз ва ҳужум қилаётганимиз ҳақида ёлғон маълумотлар тарқалди, - деди кечаси ЦАҲАЛ вакили Даниэл Хагари. - ҲАМАС касалхоналарда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ёлғон гапирмоқда».

Хагарининг айтишича, исроиллик ҳарбийлар «касалхонага кириш ёки касалхонадан чиқишга имкон берувчи доимий йўлак» қолдирган. Армия шунингдек, Аш-Шифо касалхонасидан болаларни эвакуация қилишни қўллаб-қувватлаши айтилади. 

Аш-Шифо касалхонаси 700 ўринга эга бўлиб, шошилинч ва жарроҳлик ёрдамини кўрсатади. Бу Ғазо секторидаги энг катта шифохона мажмуаси. Исроилнинг иддао этишича, ҲАМАС шифохонадан қўмондонлик ва назорат маркази сифатида фойдаланади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top