Жаҳон | 22:16 / 14.11.2023
8838
2 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Ғазода «парламент» биноси ва полиция штаб-квартираси ишғол этилганини эълон қилди

Шунингдек, Исроил қўшинлари Ғазодаги «губернатор уйи»ни ҳам ўз назоратига олгани айтилмоқда. 

Фото: idf.il

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатининг бир қанча маъмурий бинолари эгаллаб олганини эълон қилди. Улардан фаластинликлар томонидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётгани иддао қилинмоқда. 

ЦАҲАЛ баёнотига кўра, зирҳли бригада жанговар гуруҳи ва пиёдалар бригадаси аъзолари Ғазонинг Шайх Ижлин ва Римал маҳаллаларида рейд ўтказган. Натижада, ҲАМАС ҳаракатининг «парламент» биноси, ҳукумат мажмуаси ва полиция штаб-квартираси эгаллаб олинган.

Шунингдек, Исроил қўшинлари Ғазодаги «губернатор уйи»ни ҳам ўз назоратига олган. Унда ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий ва полиция идоралари, разведка бўлими ва бошқа объектлари жойлашгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, ЦАҲАЛ «қурол ишлаб чиқариш институти» бўлиб хизмат қилган Ғазо университети муҳандислик факультети биносини, шунингдек, ҲАМАС машғулот базалари, оператив штаб-квартираси, сўроқ қилиш хоналари ва ҳибсхоналар жойлашган мажмуани эгаллаб олган. Муассасада «қурол-яроғ ва жангариларнинг ўқув материаллари топилди», дейилади хабарда.

Ғазо шаҳри тўлиқ қуршаб олингани ҳақида Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэл Ҳагарий 2 ноябр куни эълон қилди. Шундан бери исроиллик ҳарбийлар шаҳар ҳудудида жанг олиб бориб, ҲАМАС нишонларига зарбалар бериб келмоқда.

Мавзуга оид